Ўш шаҳрида 11-октябрь Қизларнинг халқаро куни нишонланди. Тадбир Токтогул Сатилганов номидаги паркда ўтиб, унга 200 нафарга яқин киши қатнашди. Бу ҳақда «Клооп»га шаҳар Аёллар кенгашининг етакчиси Химия Суеркулова маълум қилди.
Етакчининг айтишича, тадбирнинг мақсади — қизларнинг ҳаётга, соғлом бўлишга, билим олишга, касб танлашга, ўз истаги билан турмушга чиқишга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.
«Бир йилда бир марта бўлса ҳам қизлар ҳуқуқларининг сақланишига боғлиқ масалалар қўзғалиб, давлатнинг даражасида тегишли дастурлар ишлаб чиқсин деган ниятда уюштирдик», — деди Суеркулова.
Байрам тадбири асносида концерт дастури ва қизларнинг суратларидан иборат кўргазма уюштирилди. Бундан ташқари, тиббиёт ходимлари келиб, қизларга бепул маслаҳатлар беришди.
Қизларнинг халқаро кунини 11-октябрда нишонлаш 2012 йили БМТ тарафидан қабул қилинган. Мазкур сана қизларнинг ижтимоий муаммоларига ва қизлар дуч келган тенгсизликка эътибор қаратиш мақсадида тақвимда қизил билан белгиланган.
Муаллиф: Айзат Камчибекова