Якутия: Аёлни зўрлашда гумонланган қирғизистонлик муҳожир 14 йилга судланди

571
Якутия суди 11 сентябр куни Қирғизистон фуқаросини 14 йилга қаттиқ режимдаги колонияга ҳукм қилди. У аёлни ўғирлаш ва зўрлашда айбдор деб топилган. Унинг икки шериклари 4 ва 6 йилга умумий тартибдаги қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 

"Ушбу жиноят ўта шафқатсизларча амалга оширилгани учун кенг резонансга сабаб бўлди ва тергов жараёни дастлабки дақиқалардан бошлаб тергов бўлими раҳбарияти томонидан алоҳида назоратга олинди", дейилади Якутия тергов қўмитасининг ҳисоботида.
Тергов версияси бўйича, бош айбланувчи бошқа икки эркакка жинсий алоқа учун қиз олиб келиб беришни таклиф қилган. Шу йўл билан у автомобилининг таъмир ҳақидан қутилмоқчи бўлган. 
Улар келишгандан кейин, бош айбланувчи кўчадан нотаниш аёлни топиб, уни машинга судраб кириб зўрлаган. Шундан кейин уни устахонага шерикларига олиб борган. Улар ҳам аёлни бир қанча вақт ушлаб туришган, улардан бири эса аёлга қарши жинсий зўравонлик қилган.

Аёл эркак кишилар ухлаб қолгандан кейин қочиб чиқиб, милицияга мурожаат қилган. Шундан кейин шубҳалилар қўлга олинган. Тергов уларнинг миллатини очиқламаганига қарамай, Якутия бўйича улар қирғизистонликлар экани ҳақида гаплар тарқаб кетган.

Мазкур воқеадан кейин шаҳарда мигрантларга қарши митинглар ва норозилик акциялари бошланган. Натижада шаҳарга келганларнинг аксарияти ишларига чиқишдан бош тортишган. Кейинчалик Якутия ҳукумати миграция назоратини кучайтириб, муҳожирлар ишлай олувчи иш ўринларини қисқартирган, аммо бу қирғиз ишчиларига тегишли бўлмаган.