Ҳарбий прокуратура Атамбаевнинг тарафдори Кундуз Жолдубаеванинг уйида тинтув ўтказмоқда

410

ҚСДПнинг раҳбар ўринбосари ва Алмазбек Атамбаевнинг сафдоши Кундуз Жолдубаева «Клооп»га Ҳарбий прокуратура уйида тинтув ўтказишни 14-августда тушга яқин бошлаганини билдирди.

Жолдубаеванинг адвокати Замир Жоошев «Клооп»га тинтув қонуний турда ўтказилаётганини хабар қилди. Унинг айтишича, терговчилар собиқ президентга қарши қўзғалган жиноят ишига тегишли ҳужжатларни олишни мақсад қилмоқда.

«Улар ҳужжатлар шу ерда деб таҳмин қилишмоқда, аммо қайси ҳужжатлар ҳақида гап бўлаётганини ўзлари билишмайди», — деди Жоошев.

Кундуз Жолдубаева 7-8-августда Атамбаевнинг Қўйтошдаги уйини штурмга олинганда у билан бирга бўлган. Штурмдан кейин Жолдубаевани спецназчиларни гаровга олиш иши бўйича гувоҳ сифатида чақиришган.

Ҳукумат Атамбаевни у криминал авторитет Азиз Батукаевнинг ноқонуний бўшатилиш иши асосида уч марта сўроққа келмай қўйгандан кейин уйини штурмга олишга қарор қилган. У сўроққа парламент уни дахлсизликдан ва собиқ президент мақомидан ажратгандан кейин чақирила бошлаган.

Алмазбек Атамбаев ўзи қамоқда, унга криминал авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний бўшатиш иши асосида коррупция бўйича айб қўйилган. Бундан ташқари, собиқ президент ҳуқуқ тартибот органларининг ходимларига куч қўлланиш, оммавий тартибсизликларни уюштириш, одам ўлдириш ва одамларни гаровга олишга гумонланмоқда.