Атамбаев: Жээнбеков учун «бир тўп одамнинг манфаати» халқникидан устун

419

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев 31-июлда ҳозирги президент Сооронбай Жээнбековнинг «мамлакатни сотмаслиги» ҳақидаги билдирувига изоҳ берди.

«Ҳозир ҳукумат "бир тўп одамнинг манфаатига қарганда элнинг манфаатини юқори қўямиз" деяпти. Аммо амалда акси бўляпти», — деди аввалги президент.

Шунингдек Атамбаев мамлакатда «Бакиевнинг қонли режимини реабилитациялаш» харакати бораётганини айтди. 30-июлда NewTV ва Nur TV телеканалларида Қирғизистоннинг қулатилган президенти Қурманбек Бакиевни яхши томондан ёритган сюжет кўрсатилган.

Бунга қадар президент Сооронбай Жээнбеков «бир гала гуруҳнинг шахсий манфаатига қарши чиқиши мумкин, аммо элимнинг манфаатига қарши чиқмайман» деб билдирган. Шунингдек у  «ҳар биримиз қонунга бош эгишимиз керак» ва Атамбаевнинг сўроққа чақирилиши «қонун доирасидаги кўриниш» деб айтган.

Атамбаев охирги бир ярим йилдан бери Жээнбеков билан очиқ низода бўлмоқда — бунинг бирдан бир сабаби Матраимовларнинг оиласи бўлган — Атамбаевнинг айтишича, Жээнбеков уларни қўллайди. Собиқ президент «Жээнбековларнинг-Матраимовларнинг» оилавий-кланлик бошқаруви ҳақида бир неча марта айтган.

Матраимовларнинг оиласи «Азаттык»нинг суриштирувидан кейин бир неча бор эътибор марказига тушишган — 2017 йили журналистлар божхона хизматининг раҳбар ўринбосари Райимбек Матраимовнинг оиласидан қимматбаҳо мулк ва спорт мажмуасини топишган. 2019 йили эса  «Азаттык» Матраимовларнинг оиласи Қирғизистондан чиқарилган 700 млн долларга алоқаси бор бўлиши мумкин эканини аниқлаган.

Ҳаммуаллиф: Элзира Тумонбаева