Атамбаев ИИВга терговга келгани йўқ

562
Алмазбек Атамбаев 2019 йилнинг 3-июлида Бишкекда бўлиб ўтган митингда. Сурат: RFE / RL

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев 9-июль куни эрта билан ИИВга терговга келмади. Унинг адвокати Сергей Слесарёв Атамбаевнинг келмаслигини милициянинг чақирув қоғози «ноқонуний» экани билан тушунтирди.

«Алмазбек Атамбаевни айнан қайси эпизод бўйича чақиришаётгани чақирув қоғозида кўрсатилмаган. Азиз Батукаевни бўшатиш иши бўйича деб таҳмингина қила оламан», — деб келтиради адвокатнинг сўзларини 24.kg.

Адвокатнинг айтишича, Атамбаевни даҳлсизликдан ва  экс-президент мақомидан ажратиб «конституцияни бузишди» — у ерда парламентнинг бунга ҳуқуқи бор деб ёзилмаган.

У қўшимча қилишича, собиқ президент бу имтиёзларга 2003 йилдан қонун бўйича эга, 27-июндаги парламент қарори эса 2019 йилнинг 15-майидаги ҳужжатнинг таҳририга асосланган. Конституцияга кўра, қонун ортга ишламайди.

Атамбаевни терговга гувоҳ қатори 8-июлда чақиришган. Унинг қароргоҳига ИИВнинг чақирув қоғозини етказишган. Атамбаев буни «ўйин» деб атаган. Унинг фикрича, ҳукумат қонунларни бузиб «[Сооронбай] Жээнбеков ва Матраимовларнинг қоидалари» бўйича ўйнамоқда. Собиқ президентни парламент уни даҳлсизликдан ҳамда экс-президент мақомидан ажратгандан кейин тергов қилишга қарор қилган. Депутатлар Атамбаевни криминал авторитет Азиз Батукаевнинг бўшатилишига, ерларга ноқонуний эгалик қилишга ва Бишкек ИЭМига кўмир етказишда компанияларнинг манфаатларини илгари суришда айблашган.

Бунга жавобан собиқ президент ўзининг Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида Халқ штабини тўплаган. Атамбаев шунингдек ҳукуматнинг истеъфосини ва парламентнинг тарқатилиши талаб қилган. Унинг тарафдорлари бу талабларни бажариш учун Жээнбековга икки ой муддат бериб, агар улар амалга оширилмаса митинглар ўтказиш билан таҳдид қилишган.

Бу Атамбаев ва унин вориси Сооронбай Жээнбековнинг ўртасида давом этаётган келишмовчилик ортидан бўлмоқда.