«Сиз билан курашишга кучим етарли»: Райимбек Матраимов собиқ президент Алмазбек Атамбаевга мурожаат қилди

515
Райимбек Матраимов. Видеодан олинган скриншот

Божхона хизматининг собиқ раҳбари Райимбек Матраимовнинг собиқ президент Алмазбек Атамбаевга мурожаати ёзилган видео тармоқларда 13-май куни тунда пайдо бўлган.

Матраимовнинг айтишича, у собиқ президентга депутатлар ва амалдорлар Матраимовларни отасининг ҳурматига бағишланган спорт мусобақасига чақирилгани учун Атамбаев унинг оиласига ҳамда шахсан ўзига «доғ туширгандан» кейин мурожаат қилишга қарор қилган.

«Ҳурматли Алмазбек Шаршенович, сиз бунга қадар ҳам, охирги бир ярим йил давомида бир неча бор оммавий ахборот воситалари орқали мени тинмай қоралаб, жамоатчиликка ёмон кўрсатиб, номимни қоралаб келдингиз. [...] Тарбиям ортидан индамай, сизнинг аввалги менга қилган яхшиликларингиз ва қўлловларингизни эсга олиб, сабр билан келдим», — деди Матраимов.

У давлат хизматида ишлаб турган вақтда қўйилган режаларни ортиғи билан бажариб, шунингдек Бишкекда ҳам Атамбаевни «уялтирмай» ишлаганини қўшимча қилди.

«Жамоангиздаги энг ишончли одамлардан бири бўлиб юрдим. Хатто 2010 йилдан бошлаб, сизга ва сиз бошқарган партияга ҳар томонлама ёрдам бериб, қўллов кўрсатиб келдим. Сиз билан яқин алоқада бўлиб, оилавий ҳурматимизни кўрсатиб, раҳматлик онамизнинг қўлидан чой ичиб, дуосини олдингиз [...] Сизнинг жамоангизга қўшулгунча шунчаки Райимбек бўлган бўлсам, кейин сиз “Райим миллион” отини қўйдингиз», — деб айтиб берди Матраимов.

У Атамбаев президентликдан кетгандан кейин унинг бойлигига қизиқа бошлаганидан хайронлигини билдирди. Матраимовнинг айтишича, у ўз пулини оилавий бизнеси ортидан ишлаб топган.

«Сиз халқ олдида бир неча мартка бой мультимиллионер эканингизни чарчамай айтиб келасиз. Менинг бойлигимни ҳам ўзим эмас, халққа сиз эълон қилиб юрасиз. [...] Сиз иккимиздаги бойликни Оллоҳнинг синови деб биламан, шу сабабдан Оллоҳ берган бойлигимни халқим билан бўлишиб, бир қатор савобли ишларни қилишга харакат қилиб юраман», — деди у.

Матраимов ўзининг ва собиқ президентнинг ўртасидаги келишмовчилик Атамбаев ва Матраимовларнинг қариндошлари ўртасидаги жанжалдан кейин пайдо бўлганини билдирди.

«2017 йили октябрь ойида қайинопам ва қизингиз машина тўхтовчи жойлардан бирида ўрин талашиб уришиб кетди. Бунинг оқибати менга тегди. Қайинопам кўпдан бери беш вақт намоз ўқиган, иймонли аёл бўлгани сабабдан, бекордан бекор жанжалга аралашмаса керак эди. Икки аёлнинг тортишувидан кейин менга бўлган муносабатингиз 100 фоизга ўзгарганидан хайронман», — деди Матраимов.

Матраимов сўзининг охирида Атамбаевдан президент Сооронбай Жээнбеков билан бўлаётган жанжалига «аралаштирмасликни» сўради.

Бу Райимбек Матраимовнинг илк очиқ мурожаатларидан бири. Кўпинча унинг хатти-харакатларига ё изоҳ берилмайди ёки унинг ўрнига парламентдаги депутат акаси Искендер Матраимов жавоб беради.

Алмазбек Атамбаев билан ва унинг вориси Сооронбай Жээнбековнинг ўртасидаги тортишув 2018 йили бошланган.

Атамбаев Жээнбековнинг коррупцияга қарши кураши сиёсатини танқид қилиб, шунингдек агар Жээнбеков президент бўлишни истаса, у ҳолда унинг «дўстларида Райим миллион бўлмаслиги керак» деб билдирган.

Бу тортишув ортидан Қирғизистоннинг энг йирик сиёсий КСДП партияси бир неча қисмга парчаланиб кетган: бир қисми парламентда ҳозирги президентни қўлласа, бошқалари собиқ президент Атамбаевни қўллашади. Бундан ташқари, Атамбаевнинг айрим тарафдорларига қарши коррупция моддалари бўйича жиноят ишлари қўзғалиб, яна бошқалари рахбарлик хизматларидан олинган.