Ҳукуматнинг Боткендаги янги вакили Акрам Мадумаров ҳақида нима маълум?

633
Ҳукуматнинг Боткен вилоятидаги янги вакили Акрам Мадумаров. Сурат: Президентнинг матбуот хизмати

Ҳукуматнинг Боткен вилоятидаги мухтор вакили бўлиб Акрам Мадумаров тайинланди. Тегишли қарорга премьер-министр Мухаммедкалий Абилгазиев 1-апрелда қўл қўйди. Мадумаров ҳақида нима маълум?

Ҳукумат раҳбари Мухаммедкалий Абилгазиев Мадумаровни Боткен вилоятининг маҳаллий ҳукумат вакилларига таништирар экан, уни тажрибали давлат ходими эканлигини таъкидлаган.

«Акрам Мадумаров вилоятнинг энг катта Қадамжой туманининг ҳокими бўлиб ишлаган. Шунингдек марказий ҳукумат органларида раҳбарлик хизматларида меҳнат қилган. У регионнинг муаммоларини, ўрин олган масалаларнинг моҳиятини яхши билади, унинг тайинланиши Боткен вилоятини келажакда ривожлантиришда хизмат қилади деб ишонаман», — деб тушунтирган ўз қарорини премьер-министр.

Амалдор, ветеринар, биология фанлари кандидати

Ҳукуматнинг Боткендаги раҳбари бўлиб тайинланган Акрам Мадумаров 42 ёшда. У вилоятнинг Қадамжой туманидаги Қара-Дўбў қишлоғида туғилиб-ўсган.

1999 йили Қирғиз аграр университетининг ветеринар мутахассислигини тугатган. Шундан кейин айни ўқув юртининг аспиранти бўлиб, кейинчалик катта ўқитувчи бўлиб ишлаган. Илмий мақоми бўйича Мадумаров биология фанлари кандидати. Бундан ташқари, у Ташқи ишлар минстрлигининг Дипломатия академиясини тугатган.

2006-2008 йиллари президентнинг иш бошқармасининг уюштириш, саноат ва протокол тадбирлар бўлимининг референти, 2008-2009 йиллари президентнинг жанубий резиденциясининг иш бошқармаси директорининг ўринбосари ҳамда 2009-2013 йиллари президентнинг иш бошқармасида протокол тадбирларни уюштириш бўлимининг бошчиси хизматларида бўлган.

2013-2017 йиллари Қадамжой туманининг ҳокими бўлиб ишлаган. 2017 йилнинг июнь ойидан сентябргача президент аппаратининг биринчи ўринбосари бўлган. 2017 йилнинг сентябридан бошлаб Давлат кадр хизматининг раҳбари бўлиб турган.

Абиш Халмурзаев хизматдан нега кетган?

Боткен вилоятининг раҳбарлигидан бўшатилган Абиш Халмурзаев. Сурат: «Спутник»

Абиш Халмурзаев Ҳукуматнинг Боткен вилоятидаги мухтор вакили бўлиб 2006 йилдан бери ишлаб келган. Мазкур хизматга янги раҳбар тайинланганини ҳукуматдан Халмурзаев бошқа хизматга ўтказилгани сабабли деб тушунтиришган. Аммо у қайси хизматга бориши аниқ эмас.

Ахборот воситалари Халмурзаевнинг хизматдан кетишига 13-14-мартдаги қирғиз-тожик чегарасидаги аҳолининг норозидиги сабаб бўлган деб ёзиб чиқишган. У бошқариб турган вақтда қирғиз-тожик чегара низосидан икки тожикистонлик ҳалок бўлиб, уч қирғизистонлик ярадор бўлган.

Жорий йилнинг бошида «Азаттык»нинг мухбири Идирис Исаков ўша вақтдаги вакил  Абиш Халмурзаев билан боғлиқ текширувини эълон қилган.

Унда Халмурзаевнинг оиласи 2012 йили давлат резервидаги икки минг тонна буғдойни сарфлаб, бунинг учун ҳеч қандай жавобгарликка тортилмаганлиги айтилган.

Муаллиф: Айдай Беделбек қизи

Муҳаррир: Элвира Султанмурат қизи