Президент Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон манфаатларини чет элларда ҳимоя қилувчи қирғиз дипломатларнинг ишларини танқид қилди. Жээнбековнинг огоҳлантиришлари ва таклифларини қисқача айтиб берамиз.
Қирғиз элчилари чет тилларини билишмайди. Жээнбеков қирғиз элчиликларининг ходимлари чет тилларини билишмаганидан норози. Президент буни Туркия ва Белгияга бўлган халқаро сафарлари вақтида сезган. «Мутахассисларни ишга олишда талаблар юқори бўлиши керак. Ҳисобчидан бошлаб, то ҳайдовчигача бари таржимани [чет тилидан қирғизчага] билиши керак», — деди Жээнбеков.
Қирғизистон элчиликлари ва консулхоналарида «дипломатиядан узоқ» одамлар бўлмаслиги керак. Жээнбеков таъкидлаганидек, Қирғизистоннинг чет давлатлардаги элчихоналарида «лойиқ ва кучли кадрлар» ишлаши керак, шу сабабдан дипломат бўлиш учун номзодини кўрсатганларни «пухта танлаш» керак. «Ишга “парашютчилар” ва дипломатиядан олис одамларни олмаслик керак. Номини айтмай қўяқолай, лекин баримиз Қирғизистонни дунё юзига шарманда қилган элчини унутганимиз йўқ», — деди у.
Дипломатларнинг вазифаси — фуқароларни эътиборга олмаслик эмас, уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш. Жээнбеков қирғизистонликлар чет давлатлардаги элчихоналар ва консулхонадагиларнинг фаолиятидан шикоят қилишаётганини айтди. Унинг айтишича, муҳожирларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш — бу Қирғизистон ташқи сиёсатининг имтиёзли йўналиши. «Улар элчилардан бошқа кимга ҳам мурожаат қила оларди?», — деб савол ташлади ўлка раҳбари.
«”Ўтиравераман” дейиш бўлмайди». Жээнбеков элчиларнинг ишларини кузатиб туришини билдириб, шу сабабдан элчилар ҳар йили у билан учрашиб, ҳисобот бериб туришади «Ҳар йили ҳисобот талаб қилинади. “Элчи бўлдим, 3-4 йил ўтиравераман” деган гап бўлмайди», — деди президент.