Ўшнинг марказий стадиони ҳусусий тадбиркорларнинг моддий кўмаги билан таъмирланмоқда

550
Ўш шаҳридаги Суйумбаев стадионини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Сурат: Айдана Жумашова / Kloop.kg

Ўш шаҳридаги Акматбек Суйумбаев стадионини таъмирлаш ишлари мартнинг бошида бошланган. Бир ойнинг ичида стадионнинг VIP зали, ўриндиқлари ва ҳожатхоналари янгиланади. Стадионни таъмирлаш ишларига маҳаллий тадбиркорлар 10 млн сомга яқин маблағ ажратишган.

Ўтган йилнинг декабрида Ўш шаҳри «Турксой» ташкилоти томонидан Турк дунёсининг маданий маркази деб эълон қилинган. Унга кўра 2019 йили шаҳарда бир қатор халқаро маданий тадбирлар ўтказилади.

Шаҳар ҳукуматидан билдирилишича, дастлабки тадбирнинг очилиши 20 апрелда СУйумбаев стадионида ўтиши кўзланган. Шу сабабдан, стадионни таъмирлаш эҳтиёжи пайдо бўлган. Бундан ташқари, футбол майдонида Осиё футбол конфедерацияси кубогининг гуруҳ ўйинлари ўтказилади.

Мэриянинг матбуот котиби Азамат Абсаттаров стадионни таъмирлаш ташаббусини мэр кўтарганини, уни ҳусусий тадбиркорлар қўллашганини «Клооп»га айтди.

«Тадбиркорлар таъмирлаб берайлик деб ўзлари келишди. Ростини айтганда стадион ватанпарварлик туйғуси билангина таъмирланмоқда. Энди бу тўлиқ таъмир деб айта олмайман,  [маблағ етканича] таъмирланади», — деди Абсаттаров.

Матбуот котиби ҳусусий тадбиркорлар ўзларининг исмини айтишни истамаганини, улар жами 10 млн сомга яқин пул беришганини қўшимча қилди. Мазкур маблағ VIP зални таъмирлашга, эскирган ва бузуқ ўриндиқларни янгилашга ҳамда ички-ташқи ҳожатхоналарни таъмирлашга сарфланади.

Стадионнинг директори Алмаз Сулайманов «Клооп»га таъмир ишлари назоратини мэрия олиб бораётганини айтди.

«Биз тарафдан усталарни боқиш, электр энергияси билан таъминлашгина бўлмоқда. Қолган ишларни [ҳомийлар ёллаган усталар] битирмоқда», — деди Сулайманов.

Акматбек Суйумбаев стадиони 1960 йили 12 минг томошабинга мослаштириб қурилган. Стадион капитал таъмирдан охирги марта 2000 йили ўтган. Ўша вақтдан бери ўтирғичлари синиб, маъмурий бинонинг ташқариси таъмирга муҳтож бўлиб қолган.