Бишкек прокуратураси мэриянинг чиновникларига (айнан кимларга экани ҳозирча номаълум) жиноят ишини қўзғади. Тергов версиясига кўра, мэриянинг ходимлари лавозимини суистеъмол қилиб, Бишкек учун янги ахлат ташловчи полигонининг қурилишини тўхтатиб қўйишган. Ахлатхонанинг 2016 йили қура бошлашлари керак эди.
2013 йилнинг майида Европа реконструкция ва тараққиёт банки (ЕРТБ) эски чиқинди полигонни қайта тиклаш ва янгисини қуриш учун Қирғизистонга 22 млн евро бўлиб беришга қарор қилган. Қирғизистон мазкур маблағнинг ярмини кредитга, ярмини грант қатори олган. Қирғиз тарафдан шартномага мэрия, Молия министрлиги, мэрияга ҳисобот беришга масъул «Тазалик» ҳамда «Бишкек санитария полигони» («БСП») ишхоналари қўл қўйишган.
Прокуратура билдиришича, Бишкек мэрияси, «БСП» ва «Тазалик» амалдорларининг «ноқонуний харакатлари» лойиҳанинг «тўхтаб қолиш хавфига» олиб келган. Шу сабабдан «БСП» Европа банкининг кредитини тўлай олмай қолган.
Шу билан бирга, прокуратурадан билдирилишича, «Тазалик» ҳамда «БСП» лойиҳа бўйича маблағларни сомдан еврога, евродан сомга конверсиялашган. Шу сабабдан бир ярим миллион сомдан ортиқ зарар келтирилган. 2017 йилнинг мартида мэрия Эстониянинг Ehitusfirma Rand Ja Tuulberg AS компанияси билан янги чиқинди майдонини лойиҳалаш ва қуриш бўйича битим тузган. Битимнинг қиймати 7,5 млн евро бўлган.
Бош прокуратурадан билдиришганидек, «БСП» хорижий компанияга мазкур маблағнинг бир қисмини (деярлик 1,9 млн) ўтказиб беришдан «асоссиз» бош тортган. Шу сабабдан пудратчи компания жарима тўлашни талаб қилган — 185,5 минг евро.
Бундан ташқари, терговнинг таъкидлашича, чиқинди полигонида ишлатиш учун махсус техникани сотиб олишда мэриянинг амалдорлари хатога йўл қўйишган. Масалан, махсус машиналардан бирини қиймат нархда сотиб олишган.
Бишкекнинг янги чиқинди жойи қурилишини 2019 йилнинг охирига қадар тугатишни режалаштиришган. Ҳукуматдагилар ҳозирги шаҳар ахлатхонасини ерга кўмиш билан тартибга келтиришни исташган.
2017 йилнинг декабридаёқ ташландилар билан ишлашга керак бўлган махсус техникаларнинг биринчи партияси Бишкекка етказилган. Ўша вақтда шаҳарга бульдозер, икки экскаватор ҳамда уч самосвал етказилган.
Мэрия бир неча бор Бишкек учун янги чиқинди ташловчи жойни қуриш бўйича эълон қилган. Масалан, шаҳарнинг собиқ мэри Иса Омуркулов чиқиндиларни қайта ишлаб чиқувчи заводнинг қурулишига эришишни ваъда қилган. Лекин Омуркулов шаҳар раҳбари бўлиб турган вақтда булар амалга ошмаган.