Россия фуқароси бўлиб чиққан Бишкек шаҳар кенгашининг депутати мандатидан ажратилди

457

Бишкек шаҳар кенгашининг депутати Жусупбек Коргонбай уулу Россия фуқаролигини олиб юрганлиги учун Ҳудудий сайлов комиссияси унинг мандантини олди. Бу қўш фуқаролик олиб юрган амалдорларнинг мандатдан ажратилиши бўйича биринчи ҳолат эмас. Бунга қадар  депутатлар бундай қоида бузарликлар учун жиноий жавобгарликни киргизишни ҳам таклиф қилишган.

Ҳудудий сайлов комиссиясининг раиси Кайрат Маматов билдиришича, «Республика — Ата Журт» партиясидан депутат Жусупбек Коргонбай уулу мандатидан 19-декабрда ажратилган. Унинг айтишича, Россиянинг адлия министрлиги Коргонбай уулу 2007 йилдан бери Россиянинг фуқароси эканлигини билдирган.

«Маҳаллий кенгашлар депутатларининг сайлов тўғрисидаги қонуннинг 52-моддасида бошқа давлатнинг фуқароси депутат бўла олмайди деб аниқ ёзилган», — деди Маматов.

Коргонбай уулу «Вести» нашрига берган интервьюсида билдиришича, у бошқа давлатнинг фуқаролигини олмаган ҳамда судда Ҳудудий сайлов комиссиясининг қароридан шикоят қилади. У ўзига қарши айбни «буюртма» деб атаб, унинг ортида Бишкекнинг собиқ мэри Албек Ибраимов турган бўлиши эҳтимол деб айтди.

«Бир-икки йил аввал йигитлар келиб, Албек Ибраимов уларга менинг устимдан компромат топишча 30 минг доллар бераман деб ваъда қилганини айтишган. Иш буюртма экани билиниб турибди. Россияда нима ҳужжатлар қалбакилаштирилмайди деб ўйлайсизларми?», — деди Коргонбай уулу.

Бу бошқа давлатнинг фуқаролиги сабабли мандатдан ажратиш бўйича илк ҳолат эмас. Февралда Қозоғистоннинг махсус хизмати Жогорку Кенешнинг депутати Дамир Асилбек уулуни контрабндада айблаб қўлга олган. Тергов давомида депутатда қирғиз фуқаролидан ташқари, қозоқ фуқаролиги ҳам борлиги маълум бўлган.

Апрель ойида Марказий сайлов комиссияси унинг мандатини чақиртириб олган. Парламентнинг ўзида эса, агар давлат ходимлари қўш фуқароликка эга бўлса жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортишни таклиф қилишган.

Қонун лойиҳасининг ташаббусчилари Дастан Бекешев ҳамда Алмазбек Баатирбековнинг фикрига кўра, жазонинг йўқлиги сабаб амалдорлар бошқа ўлка фуқаролигини яшириб келишади. Бу «маҳфий маълумотларнинг фош этилишига» ёки бошқа ўлканинг манфаатларини ҳимоя қилувчи шахснинг сайналишига олиб келиши мумкин.