МХДК: Илмиянов Жээнбековнинг сайлов штабида ишлаб турган вақтда хусусий компаниядан пул олган. Бу қандай фирма ва КСДП бу ҳақда нима демоқда?

571
Икрамжан Илмиянов. Сурат: КСДПнинг матбуот хизмати

Миллий хавфсизлик бўйича давлат комитетда (МХДК) Икрамжан Илмиянов 2017 йили 8 августда президентликка номзод Сооронбай Жээнбековнинг сайлов олди штаби раҳбарининг ўринбосари бўлиб турган вақтда «Дизель комплект» компаниясидан «ҳомийлик ёрдами» шаклида ва «мукофот пули» қатори 150 минг доллар олган деб ҳисоблашмоқда.

Жээнбеков номзод бўлиб чиққан КСДП партиясидагилар эса «Дизель комплект»дан ёки бошқа «жисмоний ҳамда ҳуқуқий томонлардан» пул олинганини инкор қилишмоқда.

Партиядагилар қўшимча қилганидек, қонун бўйича, сайлов штаби ўзининг молиявий ҳужжатларии Марказий сайлов комиссиясига (МСК) топшириб турган. Бу бўйича улар МХДКга, ёки МСКна, ё тўғридан-тўғри президент Сооронбай Жээнбековга мурожаат қилишни маслаҳат қилишган.

Президент маъмурияти мақола эълон қилиниши арафасида «Клооп»нинг журналистига жавоб бермаган.

«Дизель комплект» ҳақида нима маълум?

Адлия министрлигининг маълумотига кўра, компания ихтисослаштирилмаган улгуржи савдо билан шуғулланади. Унда компаниянинг етакчиси деб Николай Грамович, ташкилотчили деб эса Грант Оганянц кўрсатилгөн. Бундан ташқари, Оганянц яна бир «Автотрейд» компаниясининг ташкилотчиси бўлиб ҳисобланади. Икки компания ҳам «Бишкек» эркин иқтисодий ҳудудида рўйхатга олинган.

2017 йили 7-августда, Илмиянов компаниядан пул олинган дейилган кундан бир кун аввал, «Дизель комплект» бюджетга «Қирғизистон ҳудудига кираётган товарларга» деярлик 17 млн сом Қўшимча нарх солиғини (КНС)* тўлаган.  Компания учун бу аввал хеч бўлмаган харажат. 2013 йилдан бошлаб унинг ўртача солиқ тўловлари 70 минг сомдан ортмаган, КНСни эса компания бу вақт орасида, ундан кейин ҳам бирор марта тўламаган.

*«Очиқ бюджет» порталининг маълумоти

МХДКнинг Бош тергов бошқармаси 12-апрелда «Дизель комплект»нинг мулкини ҳибсга олган, 11-июлда эса Бишкекнинг Биринчи май район суди Оганянцнинг икки идораларидан 2014 йилдан бошлаб ҳозирги фаолиятининг барча ҳужжатларини олиб қўйишга қарор қилган.

Илмияновни қўлга олиш

Илмияновга қарши жиноят иши 2018 йили сентябрда қўзғалганига қарамай Бош прокуратура бир ойга яқин жиноят иши очилганини инкор қилиб келган.

Илмиянов 20-октябрда Россиядан Қирғизистонга етказилиб, шундан кейин у камида етти модда бўйича, жумладан «товламачилик», «Тижорий ёки бошқа ташкилотлар ходимларининг ваколат ҳуқуқларини суистеъмол қилиш», «Пора олиш» ҳамда бошқа айблар билан МХДКнинг тергов изоляторига киргизилган.

Собиқ президент Атамбаев бошқарган КСДП сафдоши Илмияновнинг қўлга олинишини «шоу», терговни эса «сиёсий характерли» деб атаган.

Икрамжан Илмиянов ўз карьерасини «Кыргызавтомаш» ишхонасида ҳайдовчи бўлиб бошлаган. Ўша вақтда ишхонага бизнесмен Алмазбек Атамбаев эгалик қилган.

Илмиянов 2009-йилга қадар Атамбаевнинг шахсий ҳайдовчиси бўлиб, 2010 йилдаги революциядан кейин унинг ёрдамчиси бўлиб қолган. 2011 йили эса Атамбаев ўлка раҳбарлигига келгандан кейин Илмиянов президент аппарати етакчисининг ўринбосарлик хизматига тайинланиб, у ерда 2015 йилга қадар, аниқроғи  «Вечерний Бишкек»нинг биносини рейдерлик билан босиб олишда айблангунга қадар ишлаган.

У истеъфога кетишга мажбур бўлган, аммо шунга қарамай нашрнинг биносига боғлиқ можаро унга яна бир йил президентнинг маслаҳатчилик хизматида қолишига тўсқинлик қилмаган. 2017 йили эса у КСДПдан депутатлик хизматига номзод бўлиб чиқиб, бу жамоатчиликда салбий фикр яратган. Шундан кейин у мандатдан бош тортиб, кейинчалик Кўк бўри федерациясини бошқарган.

                                                       Муҳаррирлар: Дмитрий Мотинов, Рустам Халимов