Атамбаевнинг собиқ маслаҳатчиси Икрамжан Илмияновга қидирув эълон қилинди

753

 

Собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг ишонган одами ва собиқ маслаҳатчиси Икрамжан Илмияновга қидирув эълон қилинди. Миллий хавфсизлик бўйича давлат комитетининг маълумотига кўра, Илмиянов Қирғизистондан жорий йилнинг июнида чиқиб кетган.

Суд Икрамжан Илмияновни сиртдан қамоққа олишни ва МХДКнинг тергов қамоғига олишга қарор қилган.

МХДКнинг маълумотига кўра, турли вақтда собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг аппарат раҳбари ўринбосари, маслаҳатчиси ва ҳайдовчиси бўлган Илмиянов ўлкадан июнь ойидаёқ чиқиб кетган.

МХДКнинг матбуот хизмати Илмияновга қидирув эълон қилганини тасдиқлади. Илмиянов қайси иш бўйича қамоққа олиниши кераклиги ҳақида маълумот айтилмаган.

Октябрнинг бошида бош прокуратура Илмияновга нисбатан жиноят иши қўзғалишини инкор қилган.

«Илмияновга жиноят иши очилгани йўқ. Балки материаллар мавжуддир, аммо улар “маҳфий” муҳр билан келади. Лекин аниқ унинг ўзига нисбатан ҳеч нарса қўзғалмаган», — деган ўшанда Бош прокуратуранинг матбуот котиби Наргиза Куватова.

Лекин «Жалбырак ТВ»нинг журналистлари жиноят иши исми аталмаган тадбиркордан 150 минг доллар пора олиш билан боғлиқ эканини тасдиқлашган.

Ҳайдовчи,маслаҳатчи, сафдош

Икрамжан Илмиянов ўз карьерасини Алмазбек Атамбаевга тегишли «Кыргызавтомаш» ишхонасида ҳайдовчи бўлиб бошлаган. У 2009 йилгача Атамбаевнинг шахсий ҳайдовчиси бўлиб ишлаган.

2010 йилдаги апрель революциясидан кейин у ўша вақтда Вақтли ҳукуматнинг премьер-министри Алмазбек Атамбаевнинг ёрдамчиси бўлиб қолган.

2011 йили эса Илмиянов президент Атамбаевнинг аппарат раҳбари ўринбосарлигига тайинланган.

Бу хизматни у 2015 йилгача, аниқроғи «Вечерний Бишкек» нашрини рейдерлик йўли билан босиб олиш бўйича айбловлар ортидан истеъфога кетганга қадар эгаллаб турган. Илмиянов 2015-2016 йиллари президентнинг маслаҳатчиси, 2017 йили эса КСДП фракциясидан депутатликка номзод бўлиб, лекин мандатдан бош тортган. Мандатни эса журналист Аида Касималиева олган.

У хизматдан воз кечишининг сабабини айтмаган, лекин кейинчалик Кўк-Бўри бўйича федерацияни етаклай бошлаган. 2016 йили у истеъфога кетган.

Сўнги олти ой ичида ҳукуматдан Атамбаевнинг деярлик барча сафдошлари хизматларидан олиниб, айримларига нисбатан жиноят ишлари қўзғалган.

Жиноят ишлари собиқ премьер-министр Сапар Исаковга, божхона хизматининг собиқ етакчиси Кубаничбек Кулматовга, Бишкекнинг экс-мэри Албек Ибраимовга ҳамда собиқ энергетика министри Осмонбек Артикбаевга қўзғалган.