Ўшдаги осма кўприкдан маршрут таксиси қулаб, олти киши жабрланди

674

Ўшда маршрут таксисининг ҳайдовчиси енгил машина билан тўқнашиб, эстакада кўпригидан қулаб тушган. Жароҳат олган олти киши Ўш вилоят касалхонасига етказилган, уларнинг ичидан бир киши жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Тушга яқин Ўшнинг марказидаги Оқбура сойининг устидаги осма кўприкдан ўтаётган маршрут таксисининг ҳайдовчиси автомобилини бошқара олмай қолиб, енгил автомобил билан тўқнашган. Шундан кейин у беш метр баландликдан кўприк остидан ўтган йўлга қулаб тушган.

Маршрут таксисида йўловчилар бўлганю Уларнинг олти нафари турли оғир жароҳат олишган. 48 ёшли аёлнинг эса қўл ва оёғи сингани аниқланиб, жонлантириш бўлимига ётқизилган.

«Биз кичик автобуснинг ойнакларини синдириб, аёл ва ҳайдовчини олиб чиқдик. Аёлнинг аҳволи яхши эди, нималарнидир гапириб турди. Тез ёрдам машинаси келиб, уларни касалхонага олиб кетишди», — деди «Клооп»га аварияга шоҳид бўлган Миталим Қасимов.

Милициянинг маълумотига кўра, ҳайдовчи машинанинг тормози ишдан чиқиб қолганлиги сабаб машинани бошқара олмай қолган.

«№102 маршрутнинг 27 ёшдаги ҳайдовчиси машинасининг тормози ишламай қолиб автомобилни бошқара олмай қолган. Шундан сўнг Хонда Фит русумидаги автомобиль билан тўқнашиб, кўприкдан қулаган. Олти киши жароҳатланиб, бири реанимацияда, қолган беш нафарининг аҳволи ўрта», — деди «Клооп»га Ўш шаҳар милициясининг матбуот котиби Замир Сидиков.

Ҳозирда жабрланганлар ва кичик автобуснинг ҳайдовчиси Ўш вилоят касалхонасида.

Кичик автобус қулаган эстакада кўприги Оқбура сойининг устидан ўтади. Кўприк 2015 йили собиқ президент Алмазбек Атамбаев иштирокида фойдаланишга топширилган. Узунлиги 250 метрга яқинг кўприкни қуришга 650 млн сом сарфланган.

Муаллифлар:Тажикан Кайым кызы, Динара Абдижапарова