Энди Бишкекдан Тошкентга 1000 сомга автобус орқали 13 соатда бориш мумкин

856

Биринчи синов автобус қатнови Тошкентдан Бишкекка 5 май куни йўлга чиқди, 7 майдан бошлаб эса Ўзбекистон ва Қирғизистон пойтахтларига мунтазам қатновлар бўлади. 

Тошкентдан Бишкеккача (ёки аксинча) йўл 13 соатдан озроқ вақтни олади. 30 дақиқа «Ғишткўприк» (Ўзбекистон), «Жибек Жолы» (Қозоғистон), «Супатай Батыр» (Қозоғистон) ва «Чалдовар» (Қирғизистон) постларидаги божхона ва чегара назорати учун кетади.

Йўл ҳақи Тошкентдан 120 минг сўм, Бишкекдан эса 1000 сом(14,5 АҚШ доллари атрофида)ни ташкил этади. Қирғизистон пойтахтидан автобуслар Бишкек шарқий автовокзалидан отланади

Ўзбекистон ташувчилари Хитойнинг «Фотон», Қирғизистон томони эса Хитойда ишлаб чиқарилган «Yutong» автобусларидан фойдаланади.

«Узавтотранс» берган маълумотларга кўра, Тошкент ва Бишкек қатновларидан ташқари, Фарғона—Ўш, Андижон—Ўш ҳамда Тошкент—Иссиқкўл авто рейслари ҳам йўлга қўйилиши мумкин.

Алоқаларнинг яхшиланиши

 Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар Ўзбекистон ҳукуматига 2016 йил Ислом Каримов вафотидан сўнг Шавкат Мирзиёевнинг келиши ортидан яхшилана бошлади.  Мирзиёев Қирғизистонга ташриф билан келди ва икки Қирғизистон президенти: аввалига Алмазбек Атамбаевни, кейин эса Сооронбай Жээнбековни ўз юртида қабул қилди.

Мирзиёев ва Жээнбековнинг 13 декабрь 2017 йили Тошкентдаги учрашуви. Сурат: Қирғизистон матбуот хизмати

Президентлар сўзлашувларда давлатлар ўртасидаги алоқаларни йўлга қўйиш, чегараларнинг 80 фоизи бўйича келишувлар ҳамда Қамбар Ота ГЭС-1 қурилишига келишиб олишга эришишган.