Президент Сооронбай Жээнбеков 26-апрелда Откурбек Жамшитовни Қирғизистон бош прокурори қилиб тайинлади. Аввалроқ унинг номзодини парламент депутатлари қўллади. Жамшитов ким ва у ҳақида нималар маълум эканини айтиб берамиз.
Жамшитовни бош прокурорлик хизматга икки кунда қувватлашди. Парламент 25-апрелда унинг номзодини қўллаб овоз берди ва эртаси куни президент унинг тайинланиши тўғрисидаги фармонга қўл қўйган.
Жамшитов парламентда бош прокуратурага 2002-2005-йилларда раҳбарлик қилган Миктибек Абдилдаевнинг «дуосини олганини» билдирган. Бундан ташқари, у «тоза» ишлаб, «бош прокуратурага бўлган ишончни ортиришни» ваъда қилган.
Жамшитовнинг айтишича, у бош прокурорлик хизматига тайинланишини кутмаган. «Менга қўнғироқ қилиб таклиф қилишганда, сизлар ишонмайсизлар, мен нима деб жавоб беришни билмай қолдим. Беш дақиқа индамай ўтириб қолдим», — деган у.
Жамоатчиликда Жамшитов ҳақида Жалолобод вилояти бўйича бош прокурор бўлиб ишлаб, Индира Жолдубаева истеъфога кетгандан сўнг бу хизматга келганидан бошқа деярли ҳеч нарса маълум эмас.
Жамшитов — таҳминан Ўш вилояти бўйича Капитал қурулиш бошқармасининг собиқ раҳбари Асилбек Жамшитовнинг ўғли. Уларнинг йўқ деганда фамилиялари ўхшаш, шунингдек янги прокурорни отасининг исми — Асилбекович.
Жамшитовнинг таржимаи ҳолидан у ёш экани (аммо Жолдубаевадан катта) маълум. Жамшитов 42 ёшда ва бу йилларнинг ярмини меҳнат фаолиятини 1997-йили Талас вилоятидаги прокурор ёрдамчиси хизматидан бошлаган прокуратурадаги ишларга бағишлаган.
Прокуратурадаги 21 йил
Қирғиз нашрларида ҳозирча унинг бунгача ишига нисбатан тескари баҳолар бўлмаган. Масалан: собиқ бош прокурор Аида Салянова (у бу хизматда 2011-2015-йилларда фаолият олиб борган) «Азаттык» радиосига берган интервьюсида Жамшитовни «сокин прокурор» сифатида танишини айтган.
«Кунлик ишини вилоят, район миқёсида бу киши яхши бажариб келган экан да. Мен бош прокурор бўлган вақтда ёмон сўз эшитмаганман. Ёмон ишларга аралашмаган, тинч прокурор бўлган,» — деб билдирган Салянова.
Ўш вилоятидаги Ўзган райони прокурорининг ёрдамчиси Жакшилик Жороев «Клооп» мухбирига берган интервьюсида Жамшитовни «ўз ишини билган мутахассис» сифатида таърифлади. Жороев ва Жамшитов Ўш вилоят ҳамда Алай район прокуратураларида бирга ишлаган.
Жороевнинг айтишича, Жамшитов 2008-йили Ўш вилоятининг касалхоналарида оммавий тарзда ВИЧ-инфекциясини юқтирган болалар воқеаси билан боғлиқ ишни текширган.
«Жамшитов ўлкада ОИТС бўйича ишни текширган биринчи терговчи бўлган. У бу ишни судгача олиб борган. [оммавий тарзда ВИЧ-инфекциясини юқтириш учун жавобгар] врачлар жиноий жавобгарликка тортилган», — деди у.