Видео: Собиқ премьер Сапар Исаков МХДКдаги сўроқдан сўнг

727

Қирғизистон Миллий хавфсизлик бўйича давлат комитети 26-апрелда ўлканинг собиқ премьер-министри Сапар Исаковни сўроққа чақирди. У Бишкек Иссиқлик электр марказини (ИЭМ) модернизация иши билан боғлиқ гувоҳ сифатида чақирилган.

Сўроқдан чиққандан сўнг Исаков изоҳ бераётиб «бу жуда тўғри» деб айтди.

«Барчаси текширилиши керак. Жамоатчилик барча нарсани атрофлича билиши керак», — деди у.

Қирғизистон Бишкек ИЭМни модернизация қилишга 386 млн доллар маблағ сарфлаган. Қирғизистонга бу маблағни кредит сифатида Хитойнинг «Эксимбанк»и ажратган. Кредит бўйича фоизларни ҳисоблаш билан Қирғизистон 500 млн долларга яқин пул қайтариб бериши керак.

Иссиқлик марказини модернизация қилишга кетган пул қандай ишлатилганини текшириш 2018-йили январда ИЭМда авария бўлгандан сўнг бошланган. У вақтда бишкекликлар қаттиқ совуқ бўлаётганда бир неча кунга иссиқликсиз қолган.