Ҳукуматнинг аппарат раҳбари истеъфога чиқди

749
Нурханбек Момуналиев. Сурат: ҳукуматнинг матбуот хизмати

Ҳукумат аппаратининг раҳбари Нурханбек Момуналиев «халқаро даражадаги ҳужжатларни тайёрлашдаги жиддий камчиликлар» туфайли хизматдан кетиш бўйича ариза топширди. Шунга кўра, премьер-министр Сапар Исаков ушбу сабабларга алоқадор ҳукумат бўлимларининг яна икки етакчисини ишдан бўшатди.

Ҳукуматнинг матбуот котиби Урмат Кабилова «Клооп»нинг  мухбирига маълум қилишича, Сапар Исаков 12-мартда президент Сооронбай Жээнбековга Нурханбек Момуналиевни ҳукумат аппаратининг етакчилик хизматидан бўшатиш бўйича таклифини юборган.

Давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков унинг аризасини қачон кўриб чиқиши ҳозирча аниқмас.

Шунингдек, Момуналиев ўзи «Кактус» нашрига халқаро ҳужжатларни тайёрлашдаги камчиликлар учун хизматдан кетишга қарор қилганини тушунтирган.

«Мен кетишга қарор қилдим, сабаби ҳукумат аппарати томонидан халқаро даражадаги ҳужжатларни тайёрлашда жиддий камчиликлар учун жавобгарликни ҳис қиляпман», — деб билдирган Момуналиев.

Бундан ташқари, премьер-министр 12-мартда Қирғизистон ва Россия ҳукуматлари ўртасидаги битимни «тайёрлашдаги камчиликлар» туфайли ижтимоий тараққиёт бўлимининг раҳбари Улан Маматкановни ва ҳуқуқий экспертиза бўлимининг раҳбари Максатбек Есеналиевни эгаллаган хизмат вазифасидан бўшатди.

Бунга қадар парламентнинг депутатлари «қўпол» камчиликларга йўл қўйилган қонун лойиҳасини олиб чиқиб, уни президентга имзолашга юборган адлия министри Уран Ахметовни танқид қилишган. «24.kg» нашри тасдиқлашича, ҳужжатларни тайёрлашга Момуналиев ўзи масъул бўлган.

Бу амалдорларнинг халқаро ҳужжатларни тузишдаги биринчи хатоси эмас. Январнинг бошида Исаков иқтисод министри Артем Новиков билан Божхона хизматининг раиси Кубаничбек Кулматовга хайфсан эълон қилган, ЕАЭБ ишлари бўйича ҳукумат аппарати бўлимининг беш ходимини ЕОИИнинг Божхона кодексининг кучига кирган муддатини нотўғри кўрсатишгани учун ишдан бўшатган