Қирғизистон Таълим министрлиги мактаб директорлари ва ўқитувчиларга сўнги қўнғироқ тадбирини ўтказиш учун пул йиғиш ва совғалар олишни тақиқлади.
Таълим министри Гульмира Кудайбердиева мазкур буйруққа 6 март куни қўл қўйди. Таълим министрлигининг матбуот хизматидан хабар қилинишича, бу чора «порахўрлик хавфи»дан огоҳлантириш мақсадида қабул қилинган.
«Биз мактаб директорлари, ўқитувчиларига пул йиғишни тақиқлаймиз, лекин агарда ўқувчиларнинг ота-оналари ўз хоҳишлари билан пул тўпламоқчи бўлса, бунга уларнинг тўла ҳаққи бор», — дейилади матбуот хизматидан.
Таълим министрлигининг кўрсатмасига амал қилмаган директор ва ўқитувчилар маъмурий жавобгарликка тортилади.
Муассасаларга тақиқ тўғрисида ота-оналар мажлисида билдириш топширилди.
Таълим министрлиги Қирғизистон мактабларида сўнги қўнғироқни 25 майга белгилаган.