Қоракўл: Чет эллик талаба 3 минг доллар «таъма қилган» милиционерларнинг устидан шикоят қилди

764

Қоракўл шаҳар милицияси «гиёҳванд модда сақлагани» учун фаластинлик талабани қўлга олди. Лекин қўлга олинган талабанинг дўсти тасдиқлашича, унга гиёҳванд моддани «кўрсатмай ташлаб қўйишган», шунингдек «таъмагирлик» йўли билан ундан уч минг доллар ундириб олишган.

«Вентус» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг етакчиси Камил Рузиев «Клооп» мухбирига билдиришича, 26 февралда унга ҳуқуқий ёрдам сўраб қамоққа олинган фаластинлик талаба билан унинг дўсти мурожаат қилган.

«Биз 27-февралда Қоракўлга бориб, қийноқ ва уч минг доллар таъма қилиш факти бўйича Қоракўлнинг прокуратурасига ариза ёздик. Фаластиндан келган талабани Бишкекда ушлаб, 25 февралда Қоракўлга олиб кетишган, лекин бугун уни Қоракўлнинг 3-Тергов изоляторига (ТИЗО) ўтказишган», — деди Рузиев.

Ҳуқуқ ҳимоячилар омбудсменга ҳуқуқий ёрдам олиш, шунингдек, ҳукуматга мурожаат қилишни режалаштиришмоқда.

«Клооп»нинг мухбири қўлга олинган талабанинг дўсти билан алоқага чиққанда, у воқеа 2017 йилнинг сентябрида бўлганини айтиб берди.

«Фуқаро кийимидагиларнинг беш нафари мен Қоракўлга кузатиб бораётган дўстимни ва уч сайёҳни тўхтатишди. Уларни тинтиб чиқиб, машинадан гўёки гашиш топилганини айтишди. Улар ўзларига пул тўлаб, муаммони жойида хал қилишни таклиф қилишди», — деди у.

Унинг қўшимча қилишича, улар милиция ҳодимларига пора беришдан бош тортишган ва шунинг учун уларни милициянинг маҳаллий бўлимида деярлик бир сутка ушлаб туришган.

«Бу сайёҳлар — ёши катта одамлар, уларнинг ёши 60дан ошган. Иккиси диабет билан оғрийди, уларга эса сув ҳам озиқ-овқат ҳам бермай пул талаб қилиб, 20 соат ушлаб туришди. Охир-оқибатида улардан биттаси [милиционерларга] уч минг доллар тўлаб берди», — деди у.

Шунингдек, у милиционерлар унинг дўстига айбни бўйнига олгани бўйича кўрсатма тайёрлаб бериб, унга қўл қўйишга беришганини қўшимча қилди.

«Улар тўлагандан кейин менинг дўстим [гиёҳванд модда иши бўйича] бари хал бўлди деб ўйлаган. Менинг дўстим рус тилида яхши гапира олмайди ва у қандай ҳужжатларга қўл қўяётганини тушунмай қоғозларга қўл қўйиб берган» — деди у.

Бундан ташқари, ҳуқуқ ҳимоячиси Рузиев қўлга олинган талаба жиноят иши қўзғалганини билмаганини айтди, чунки ҳеч қандай чақирув ҳамда хабар олмаган.

Иссиқкўл вилоят ИИБнинг матбуот котиби Сталбек Усубакунов «Клооп» мухбирига чет эллик талаба 2017 йилнинг сентябрида 4 грамм гашиш билан қўлга олиниб, унга қарши «Гиёҳванд моддани ноқонуний сақлаш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғалганини билдирди.

«Иш прокуратура томонидан текширилиб, судга жўнатилган. Ҳимоя чораси қатори "Ҳеч ерга кетмаслик хати" олинган. Бироқ у Қоракўлга суд мажлисига келмаган. Шу сабабли ҚОракўл шаҳар суди унга қидирув эълон қилган. Яқиндагина у қўлга олиниб, бу ерга олиб келинган», — деб билдирди Усубакунов.