Текебаев Атамбаевга президентлик имконини бергани учун афсусланади — маҳбус сиёсатчи билан 24.kg нашрининг интервьюси

666
Муҳолифатчи Омурбек Текебаев

Судланган сиёсатчи Омурбек Текебаев «24.kg» нашрига ўзининг «катта сиёсий хатоси» ҳақида айтиб берган. 2017-йилнинг августида муҳолифатчи коррупция айби билан 4,5 йилга кесилган.

Текебаев «24.kg» нашрига берган интервьюсида ўзининг катта хатоси қатори 2010-йилдаги сайловдан сўнг парламент коалицияни тузиш бўйича мандатдан бош тортгани деб ҳисоблашини айтган.

Унинг айтишича, ўша вақтда президентлик лавозимини эгаллаган Роза Отунбаева унга ва унинг «Ата Мекен» фракциясига коалиция тузишни таклиф қилган, бироқ у бош тортиб, бу ҳуқуқни Омурбек Бабановнинг «Республика» фракциясига берган.

Бабанов коалицияни уч партиядан, «Республика», «Ата-Журт» ва КСДП партиялардан тузган. Ўз навбатида, мазкур парламент уюшмаси натижада ҳукумат раҳбарлигига Алмазбек Атамбаевни тайинлаган.

Текебаев Атамбаевнинг премьер-министр, шундан сўнг президент бўлгани учун афсусланишини «24.kg»га айтган: «Агарда мен ҳукумат тузишга мандатдан бош тортмаганимда, Алмазбек Атамбаев Қирғизистон президенти бўлмас эди».

Ҳозирда муҳолиф сиёсатчи коррупция учун айбланиб қамоқда ўтирибди — уни пора олишда айбдор деб  топишган ва 8 йилга турмага қамаш ҳукмини чиқаришган. Бироқ унинг қамоқ муддати амнистия билан 4,5 йилга қисқартирилган.

Шунингдек, Текебаев ўзига нисбатан қўйилган айбловларни инкор қилиб, ўзига қарши ишни Атамбаев билан фикран келишолмагани учун «сиёсий» деб ҳисоблайди. «Ата Мекен» партияси Атамбаев таклиф қилган конституцияга тузатишлар киритишга қарши чиққан.

Натижада тузатишлар қабул қилинган ва конституция ўзгартиришларига қарши чиққанларга нисбатан жиноий иш қўзғашган — ҳозирда суд жараёнлари Текебаевнинг яна икки партиядоши, собиқ бош прокурор Аида Салянова ҳамда депутат Алмамбет Шикмаматовга қарши ҳам юргизилмоқда.

Атамбаев ўзи президентлик лавозимидан 2017-йилдаги сайлов натижасида, ўлкани давомчиси ва собиқ премьер-министр Сооронбай Жээнбеков етаклай бошлагандан сўнг кетган.