«Хуавэй» йўлларга илк камераларни январнинг сўнгига қадар ўрнатади

764

Хитойнинг «Хуавей» компанияси илк кузатув камераларини Бишкек ва Ўш шаҳарларининг йўлларига январь ойининг охиригача ўрнатади. Бу «Ақлли шаҳар» лойиҳасининг фото ва видео кузатув тизимини амалда синаб кўриш бўлиб ҳисобланади.

Қирғизистоннинг Инвестиция жараёнларини ривожлантириш агентлигининг раҳбари Эсенқул Момунқулов «Азаттык» радиосига «Хуавей» билан ишлашнинг дастлабки синов натижаларини январь ойининг охирида кўрсатилишини билдирди.

Унинг айтишича, компания синов видокамераларини Бишкек ва Ўш шаҳрига ўрнатади. Камералар 4 чорраҳага ўрнатилади, аммо у айнан қайси чорраҳалар экани аниқ айтилмади.

«Лойиҳа муддати 1,5 йил, лекин биз уни  бир йилда битказиб беришни илтимос қилмоқдамиз. Ҳамкорларимиз бунга рози бўлишди. Бу қирғиз-хитой муносабатларидаги жуда муҳим лойиҳа. Шунинг учун Хитой ҳукумати ҳам бу лойиҳани қўлламоқда», — деди Момунқулов «Азаттык» радиосига.

У «Хуавей» компанияси Қирғизистон йўлларида камераларни ўрнатиб бўлгандан сўнг тизимни бошқаришни «Инфоком» давлат ишхонасига ўтказиб берилишини қўшимча қилди.

«Хуавэй» билан тузилган битим

Қирғизистон ҳукумати 11 январь куни «Хуавэй» ширкати билан «Ақлли шаҳар» лойиҳаси асосида йўларга камера ўрнатиш бўйича шартнома имзолади. Лойиҳа сармояси 60 млн долларни такшил қилади. Камераларни ўрнатишга сарфланадиган пул жарималар ҳисобидан компанияга тўлаб берилади.

Премьер-министр Сапар Исақовнинг айтишича, компания Бишкек ва Ўшда 70 камера ўрнатади. Унинг қўшимча қилинишича, йиғилган жарималардан олинган маблағ фақат Қирғизистон томонидан бошқарилади.

Келишув Молия полициясининг 2015-йилда «Хуавей»ни Хитойнинг Эркештам шаҳридан Ўшгача тўлқинли-оптика алоқа линияларининг қурилиш нархини оширишда айблаганига қарамай имзоланди.

Молия полицияси мазкур айблов юзасидан компаниянинг барча ҳисобларини ва мулкларини ҳибсга олган. «Хуавей»нинг Қирғизистондаги етакчилигига нисбатан сиртдан ҳибсга олиш эҳтиёт чораси чиқарилган.

Ҳукумат 2011 йилдан бери йўллардаги қоида бузарликларни қайд қилиш учун камера ўрнатишга ваъда берган, бироқ видео камералар фақат Бишкекнинг бир неча йирик чорраҳаларига ўрнатилган.