Болалар уйидаги ялангоёқ юрган болалар сабабли тарбиячи ишдан бўшатилди

922

«Право быть» ижтимоий жамғармасининг Инстаграм саҳифасида Бишкекдаги болалар уйида икки бола кафель полда яланг оёқ ўтиргани тасвирга олинган видео эълон қилинган. Жамғарманинг вакили тарбиячилар болаларга эътибор бермаган деб айтмоқда. Меҳрибонлик уйи воқеадан кейин тарбиячини ишдан четлатди.

Болалар тасвирланган видеони фонд вакили Анастасия эълон қилган. Унинг айтишича, тарбиячилар тушлик қилаётган вақтда болалар 20 дақиқа атрофида қаровсиз қолиб, йиғлашган.

«Мен 20 дақиқа девор ортидаги ваннада бола йиғлаётганини эшитиб турдим, бироқ болалар ёлғиз ўтирганига тарбиячиларнинг ҳам эътибор қаратганини кўрмадим», — деди у «Клооп» мухбири билан суҳбатда.

Анастасиянинг айтишича, ваннада пайпоқсиз ва енгил пойафзалсиз икки бола ўтирган. Бу вақтда хона «жуда совуқ эди».

«Мен болалар нима учун йиғлашаётганини сўрадим. Кейин менга "Йиғласа йиғлар, биз тушлик қилмадик. Сени нима ишинг бор? Ўзингни болангни қара" деб жавоб беришди. Ўша вақтда улар мени жуда яхши билишарди», — деди фонд вакили.

Тарбиячи билан тортишувдан кейин Анастасия бу ернинг ҳамширасига эътибор беришни илтимос қилиб мурожаат қилган, бироқ вазият шундан кейин ҳам ўзгармаган.

«Болалар қандай ўтирган бўлса шундай қолишди. Улар ўрниларидан қўзғалишмади ҳам, тушликни давом эттиришди. […] Бу биринчи марта эмас. Мендан аралашмасликни илтимос қилишди, бироқ бу сафар мен чидай олмадим. Бу ишни ўзгартиришни истайман», — деди у.

Болалар уйи: Тарбиячи ишдан четлатилди

Болалар уйи директори вазифасини бажарувчи Гүлайим Кошоева «Клооп» мухбири билан суҳбатда тасдиқлашича, болалар ваннада қаровсиз қолишган, бироқ бу вақтда хона совуқ эмаслигини билдирган.

Кошоеванинг айтишича, тарбиячи мазкур воқеадан кейин ишдан четлатилган.

«Тарбиячи ишдан кетиш ҳақида ариза ёзган. Ўша вақтда оёқ остидаги гиламча нам бўлган ва уни қурритишга улгирмаганмиз, болалар пайпоқларини ечишган деб оқланишмоқда. Оқланиш учун кўплаган сабабларни топишмоқда», — деди у.

Кошоева билдиришича, бу — бириничи марта бўлган воқеа. Унинг айтишича, болалар уйи иссиқ ва болалар ҳеч нарсага муҳтож эмас. «Уй таъмирланган, болалар гуруҳлари тоза, тозалаш воситалари бор, ҳаммаси жойида. […] Видеога олинган болалар оғришмаган», — деб билдирди у.

Бишкекнинг меҳрибонлик уйида жами 51 бола бор.

«Право быть» жамғармасининг ходимлари кўнгилли турда етим болаларга ёрдам беришади.

Муаллиф: Рустам Халимов