Қирғиз делегацияси чегарада бўйича сўзлашувлар учун Остонага учиб кетди

721

Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги вазият бўйича сўзлашувлар учун Остонага вице-премьер-министр Толкунбек Абдигулов бошчилигидаги қирғиз делегацияси учиб кетди. Шундан сўнг қозоқ делегацияси «йўл харитаси»га қўл қўйиш учун Бишкекка келиши керак.

Ҳукуматнинг матбуот хизмати билдиришича, қирғиз делегацияси қозоқ томони билан чегарадаги вазиятни изга солишга ёрдам берувчи «йўл харитаси»ни муҳокама қилади.

Бундан ташқари, Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков 1-декабрда парламентнинг спикери ва фракцияларнинг раҳбарлари билан учрашувда Остонадаги учрашувдан кейин Бишкекка қозоқ делегацияси келишини ҳамда томонлар «йўл харитаси»га қўл қўйишини айтди.

Жээнбеков ва Назарбаевнинг Минскдаги учрашуви

Икки давлатнинг президентлари 30 ноябрда Минскда барча чегара масалаларини хал қилиб, декабрь ойи ичида «йўл харитаси»га қўл қўйишга келишишди.

Қозоғистон президенти Нурсултан Назарбаевнинг билдиришича, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг ўртасида  «биродарлик алоқалари» қайта тикланиб, чегарадаги муаммони хал қилишга ёрдам берувчи  «йўл харитаси»га имзо қўйиш зарур.

Назарбаев «Кордай» («Ак-Жол») назорат-ўтказиш пунктида тартиб вақтинча енгиллатилишини айтди. Мазкур бекатда юкларни Қозоғистон ва Қирғизистоннинг чегара ходимларидан ташқари Евроосиё иқтисодий иттифоқининг уч кишиси текшириб туради.

Қозоғистон президентининг матбуот хизмати билдиришича, Жээнбеков «чегарадаги вазиятни унинг шахсий масъулияти остида изга солишни» илтимос қилган.

Бундан ташқари, Назарбаев Жээнбековни Қозоғистонга расмий сафар билан келишга таклиф қилган.

Муаллиф: Ислам Розиев