Ўзбекистон: Ўз жонига қасд қилишларнинг олдини олиш мақсадида қизларнинг бокиралиги текширилмоқда

603

Самарқанд вилоятидаги коллежлар ва ўрта мактабларнинг юқори синф ўқувчи қизлари гинеколог текширувидан ўтказилмоқда. Вилоят ҳокимлиги мулозимларидан бирининг исми айтилмаслик шарти билан билдиришича¸ бу тадбир ўқувчи қизлар орасида “эрта жинсий ҳаëтни бошлаганларни” аниқлаш мақсадида ўтказилган.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги мулозимнинг айтишича¸ текширув “бокиралигини йўқотган ëки иккиқат бўлиб қолган қизларнинг иснодга чидамай ўз жонига қасд қилишига барҳам бериш” мақсадида ўтказилмоқда. Суҳбатдошга кўра¸ текширув асносида ““эрта жинсий ҳаëт” бошлагани аниқланган ўсмир қизларнинг ота-оналари билан овоза қилмасдан ўқитувчи¸ шифокор ва руҳшунослар суҳбатлашмоқда.

Самарқанд ҳокимлиги мулозимининг таъкидича¸ бутун вилоят бўйлаб текширувларда ўндан ортиқ ҳомиладор ўсмир қизлар аниқланган аммо уларнинг муаммоси ҳақида фақат ота-онасига ҳабар берилган:

Аммо ўқувчи қизлар бундай тадбирлар мажбуран ўтказилаётганидан арз қилишмоқда. Коллеж ўқувчиларидан бири айтиб беришича, коллеждан бир қизнинг ҳомиладор бўлиб қолгани ўша кунги текширувда ҳаммага маълум бўлди.

Ҳокимлик мулозимига кўра, Ўзбекистон президенти Мирзиëевнинг Самарқандда ўз жонига қасд қилган аëллар сони ошгани юзасидан билдирган ҳавотиридан кейин ўсмир қизларни текшириш тадбирлари фаоллашган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Мирзиёев 9 ноябрь куни Самарқанд вилоят Халқ депутатлари кенгашида қилган чиқишида¸ вилоятдаги долзарб муаммолар қаторида аëллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш даражасининг юқорилигича қолаëтганини тилга олиб “бу кўрсаткич 145 тани ташкил этади” деган эди.