Ўзбекистон: "Ўзбектелеком" ўз мессенжерини ишга туширмоқчи

505

"Ўзбектелеком" яқин вақт ичида Uzphone мессенжерини ишга туширишни режалаштирмоқда. Ишлаб чиқарувчиларнинг билдиришларича, у Telegram, Skype, Viber ва WhatsApp мессенжерларининг муқобили бўлади.

Ҳозирда мессенжер альфа-синов босқичида бўлиб, у орқали ҳозирча матнли хабарлар жўнатиш ва қўнғироқ қилиш мумкин, деб xабар бермоқда маҳаллий ОАВлар.

"Ҳозирча у кенг оммага тақдим этилгани йўқ. Икки ой ичида бета-синов босқичига ўтамиз. Келаси йили у расман тақдим этилиши режалаштирилган", — деди "Ўзбектелеком" филиали директори Марат Фаттоҳов.

Фаттоҳовнинг айтишича, жаҳонга машҳур иловаларнинг маҳаллий муқобилини яратиш зарурати қатор омиллар, жумладан, хориж компаниялари Ўзбекистонда топаётган даромаднинг бир қисмини мамлакатда қолдириш истаги ҳамда фойдаланувчиларга камроқ траффик сарфлаш имконини бериш билан боғлиқ.

Келгусида, тахминан бир йилдан сўнг илова смарт-телевизорлар ва кузатув камералари билан ҳам боғланади. Компания 1 миллион нафаргача ушбу мессенжер фойдаланувчиларига техник хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Бунга қадар Ўзбекистонда "Одноклассники" ва Facebook тармоқларига муқобил ижтимоий тармоқлар ишлаб чиқилган, аммо булар мамлакат ичкарисидаги фойдаланувчилар орасида оммалашмаган эди.

Муаллиф: Даниил Хашковкий