Тожикистон: Давлат университети аълочи қизларнинг тўйини ўтказиб беришни ваъда қилмоқда

837

Тожикистон давлат тижорат университетида (ТДТУ) «яхши» ва «аъло» баҳоларга ўқиётган қизларнинг тўйларини ташкил қилиш ва ўтказиб бериш харажатларини университет зиммасига олишини ваъда бердилар.

«Улар бизнинг фарзандларимиз-ку. Биз улар дарсда эрга тегиш ҳақида эмас, ўқиш ҳақида ўйлашини истаймиз. Шунинг учун ҳам ректорат аълочи қизларнинг тўйига кетадиган барча харажатларни тўлашини уларга ваъда қилдик», – деди олий ўқув юрти ректори Ҳамидуллохон Фақиров.

Тожикистон давлат тижорат университети ректорининг ваъдаси кўплаб қизларнинг кўнглидан жой олди. «Ўйлашимча, агар у ваъдасида турса, талаба қизлардан ҳеч ким ўқишни ташлаб кетмайди», – дейди шу олий ўқув юртида ўқийдиган Сабрина исмли талаба қиз.

Бироқ тожик социологи Марям Давлатова агар ТДТУ ректори талаба қизларга аспирантурага киришда ёрдам берганида яхшироқ бўларди, деб ҳисоблайди. «Охирги йилларда мамлакатда маълумотли қизларга талаб анча кучайди – кўп ота-оналар ўқиган ва дипломи бор қизларни келин қилишни орзу қилаяптилар», - деди у.

Бутунжаҳон банкининг маърузасида Тожикистонда асосан аҳолининг камбағал қатлами учун олий маълумот олиш ўта қийинлиги таъкидланади. Мутахассисларнинг баҳоларига кўра, олий ўқув юртларининг 72% га яқин талабалари ўзига тўқ оилалардан ва фақат 13% гина камбағал оилалар фарзандларидир.