«Дин, тарих ва туризм»: Қирғизистонликлар янги кашф қила бошлаган Сафед Булон

3463

Маълумотларга кўра дин тарихи, эсталиклари ва бугунига қизиққанларнинг саёҳати ортидан тушган жаҳон даромади 18 миллиард долларга яқин. Қирғизистонда эса диний туризм соҳасини ривожланган деб бўлмаса-да, яқин йиллар оралиғида туризм ва жумладан диний туризм йўналишига ҳукумат томонидан эътибор қаратила бошлади.

Ўлкада диний туризм катта имкониятларга эга эканлигини айтган «Шоҳ Фозил» тарихий-маданий музейининг туризм бўйича бош мутахассиси Азимжон Қосимов айни пайтда Жалолобод вилоятининг Олабуқа районига қарашли Сафед Булон қишлоғида жойлашган «Шоҳ Фозил» тарихий обидасида ҳам таъмирлаш ишларининг иккинчи босқичи бошланганини билдирди.

Комплекснинг тарихи

Сафед Булон қишлоғида жойлашган «Шоҳ Фозил» тарихий-маданий музейи собиқ Совет иттифоқи даврида ҳам Фарғона водийсида яшаган мусулмонлар учун муқаддас зиёратгоҳлардан бири бўлган. Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, ўша пайтларда зиёратчиларга мақбаранинг совет аскарлари томонидан қўриқлаб турилиши ҳам катта тўсиқ бўла олмаган.

Мустақиллик йилларида эса Ўзбекистоннинг Наманган вилояти билан чегарада жойлашган Сафед Булон қишлоғига пайғамбар авлодлари деб ҳисобланган Шоҳ Жарир ва жума намозини ўқиётган вақтда ўша вақтдаги маҳаллий ҳокимлардан бири Карвон Бас томонидан ўлдирилган 2272 шаҳидларнинг мақбараларини зиёрат қилиш истагида келганларнинг кети узилмаган. Тўғри, зиёратчиларнинг деярлик кўпчилиги ўзбекистонликлар бўлган.

Аммо, қўшни давлат билан чегара масалаларида мураккабликлар пайдо бўлгач, Сафед Булон зиёратига келувчиларнинг сони кескин камайган.

Лекин, XI асрда қорахонийлар томонидан қурилган, Марказий Осиёда қурилиш услуби борасида ўхшаши бўлмаган мазкур тарихий архитектура мажмуаси сўнги йилларда ички сайёҳларни ўзига жалб эта бошлади.

"Шоҳ Фозил" мақбарасининг умумий кўриниши

«Шоҳ Фозил» музейининг ходими Азимжон Қосимов университетда туризмнинг айни зиёратчилик йўналиши бўйича илмий изланишлар олиб борган.

Қирғизистонда диний туризм имкониятларини ривожлантириш мумкинлигига ишонган Азимжон, бунинг учун ҳозирги вақтда музей атрофида яшовчи маҳаллий аҳолининг уйларида сайёҳлар учун уй-меҳмонхоналарни ташкил қилиш ва зиёратга келганларга яхшироқ шароитларни яратиб бериш устида иш олиб борилаётганини айтади.

Азимжон Қосимов болалигидан ўз қишлоғида туризмни ривожлантиришни орзу қилган

1998 йилга қадар Қирғизистон ҳукумати томонидан жиддий эътибор қаратилмаган. 1998 йилда эса маҳаллий оқсоқолларнинг илтимосини инобатга олган ҳозирги Сафед-Булон тарихий-архиологик комплексининг директори Эркин Бегимкулов ташаббуси билан «Шоҳ Фозил тарихий эсталикларини қайта тиклаш» жамоатчилик фонди ташкил этилиб, авария ҳолатига келиб қолган уч объект қайта таъмирдан чиқарилади.

Кейинчалик ҳукумат мазкур мавзолейнинг таъмирланиши учун 10 миллион сом ажратади. Ҳозирги вақтда таъмирлаш ишларининг иккинчи босқичи ўтказилмоқда.

Мажмуада олиб борилаётган таъмир ишлари якунланиш арафасида

Тарихий мақбаранинг ички деворларини қайта таъмирлаш билан банд бўлган уста Ормонбек Серкиев бино нақшлари ўта нозиклик билан ҳамда таркиби узоқ вақтгача сақлаб туришга мўлжалланган ҳом ашёлар билан ишланганини айтади.

«Бу каби қадимий иншоотларни қайта таъмирлаш устадан катта сабр талаб қилади. Аввало, қурилишда ишлатилган материалларнинг таркибини ўрганиб чиқиш зарур. Ундан ташқари ўша даврдаги устанинг иш услубини ўзлаштириб, таъмирлаш вақтида бу услубни бузиб қўймаслик талаб қилинади. Усталарнинг озлиги сабаб, бу иш узоқроқ вақт давом этса керак», дейди уста Ормонбек.

Шоҳ Фозил ким бўлган?

Тарихий комплекс Фарғона водийсига отаси Шоҳ Жарирдан сўнг келган Шоҳ Фозил ҳурматига қурилган мақбара, Шоҳ Жарир бошчилигида келиб, жума намози вақтида ўлдирилган 2772 шаҳиднинг боши кўмилган ер ва маҳаллий ҳокимнинг тақиқига қарамай танасидан ажратилган шаҳидларнинг бошини тўплаб, ювган қиз – Булон мақбарасидан иборат.

VII асрларда Фарғона водийсига Ислом динини ёйиш мақсадида келган йигирма мингга яқин араб қўшини Муҳаммад Ибн Жарир бошчилигида йўл-йўлакай турли ҳудудларни ўзига бўйсиндириб, оташпараст бўлган халқларни Исломга киргизиб, сўнг ҳозирги Сафед Булон ҳудудига жойлашган.

Тарихчилар томонидан ёзилган манбаларга кўра Муҳаммад ибн Жарир маҳаллий аҳоли ва уларнинг бошчиларига қон тўкмай, ислом динини қабул қилиш талабани қўяди.

Арабларнинг ўзига нисбатан йирик бўлган қўшини билан очиқ жангда кураш олмаслигини тушунган маҳаллий ҳоким талабни қабул қилиб, мусулмон бўлишга мажбур бўлади.

Ҳозирги Ахси районининг ўша пайтдаги ҳокими Карвон Бас тилида Ислом динини қабул қилади ва ўз қизи Биби Убайдани Шоҳ Жарирга бериб, уни ўзига куёв қилиб олади.

Карвон Бас ўз қизига бир энагани ҳам қўшиб беради ва бу билан у мусулмонлар ичидаги ўз жосусига эга бўлади.

Шундай қилиб, энага – кампир ўз ҳокимига мусулмонларнинг юриш-туриши, намоз ўқиш шартлари тўғрисида маълумотларни етказиб туради.

Жосусдан олган маълумотлар асосида Карвон Бас жума намози вақтида мусулмонларга ҳужум уюштиради ва то намоз адо этиб бўлунгунга қадар 2227 кишининг боши танасидан жудо қилинади. Араблар шаҳид қилинган ер ҳозирда Қирғин масжид деб аталади ва ҳозир ҳам ушбу масжидда жума намози ўқилади.

Тилдан тилга ўтиб юрган ривоятлар ва турли китобларда ёзилишича шаҳидларнинг бошини бир ерга тўплаб, ювиб чиққан қора танли Булон, бу иши учун Аллоҳ томонидан мукофотланиб, ҳур каби оқ нур тарата бошлайди. Уни шундан бери Сафед (оқ) Булон деб атай бошлашади.

Булон турмуш қурмай туриб вафот этгани учун унинг мақбарасини чимилдиқни эслатувчи жиҳозлар билан безатишган ва бу ерга эркакларнинг кириши мумкин эмас.

Бошлар тўпланиб кўмилган ер “Каллахона” деб аталади, таналар эса ундан 300 метр оралиқдаги масофада кўмилган. У ер “Шаҳидлар қабри” дейилади. Бу маълумотлар олиб борилган қазиш ишлари ва тадқиқотлар натижасида аниқланиб, нафақат бошларинг сони, балки бошлар қилич билан кесилгани ҳам далилланган.

 

Муҳаммадхон Насипов қишлоқ тарихининг билимдонларидан бири ҳисобланади

Маҳаллий фаол Муҳаммадхон Насипов ҳам Сафед Булон қишлоғининг тарихини чуқур ўрганган, шу билан бирга ўзи ҳам шеърий шаклда қишлоқ тарихини китоб қилиб чоп этган.

«Мағлуб бўлган Шоҳ Жарир аскарларига ким истаса у билан Мадинага қайтиши, хоҳлаганлар эса шу ерларда қолиши мумкинлигини айтади. Карвон Баснинг қизи ўз турмуш ўртоғи Шоҳ Жарирга содиқ бўлиб, у билан Араб ўлкаларига кетади ва у ерда мана шу мақбарада ётган Шоҳ Фозил дунёга келади», - деб ҳикоя қилади Муҳаммадхон Насипов.

Маълумотларга кўра ўша пайтда Мадинага кетмай қолганлар ҳозирги Подшоҳ ота, Косонсой яқинидаги Ҳазрати Эшон, Новқатдаги Имом ота каби ҳудудларда жойлашиб қолишган ва маҳаллий аҳолини Ислом динига даъват қилишда давом этган.

«Шоҳ Фозил» тарихий-маданий музейидаги қимматли экспонантлардан бири қабр тошларига ўйиб ёзилган нозик каллиграфия намуналари бўлиб ҳисобланади.

Зиёратчилар

Ҳайдовчи Улуғбек Артиқов асосан маҳаллий сайёҳларни Қирғизистоннинг турли зиёратгоҳларига етказиш билан шуғулланади. Унинг айтишича, Сафед Булонга ҳар йили ёз мавусумида 3-4 марта Қўчқор-Ота районидан зиёратчиларни ташийди.

Музейининг туризм бўйича мутахассиси Азимжон Қосимов берган маълумотга кўра эса, мавсум вақтида бу ерга беш-олти минг атрофида зиёратчи келади.

Олабуқа район ҳокимининг ўринбосари Қалчабу Усенбаева «Шоҳ Фозил» тарихий-маданий музейи Олабуқа районидаги ягона зиёратгоҳ эканини ва мазкур музейга келишни истаган сайёҳларнинг сони йилдан-йилга ошиб боришига ишонишини айтади.

«Тўғри, авваллари кўпроқ ўзбекистонлик зиёратчилар кўпроқ келишар эди. Чегара ёпилгач уларнинг сони кескин озайиб кетди. Мана, икки-уч йилдан бери Қирғизистоннинг турли ҳудудларидан ички сайёҳлар Сафед Булонга кела бошлашди. Хатто, Иссиқкўлдан ҳам келишди. Ўзим бош бўлиб, «Шоҳ Фозил»ни кўрсатиб келдим», - дейди ҳоким ўринбосари.

Ривоятга кўра ушбу тошнинг ҳажми юртдаги вазиятга қараб, ўзгариб туради

«Шоҳ Фозил» тарихий обидаси бўйича илмий иш олиб борган тарихчи Нилуфар Бахрамжонова мазкур тарихий меъморчилик ва археологик мажмуани ўз меъморчилик санъатининг бетакрор намунаси сифатида дунё аҳамиятига молик ёдгорлик деб ҳисоблайди.

«Бу тарихий ёдгорликни зиёрат қилиш учун туристтик шароитларни яратиш, кўпчилик аҳолини бу ёдгорликка жалб қилиш нафақат сайёҳлик жиҳатидангина эмас, балки тарихимизни, архитектурамизни кўрсатиш, тарихимизни ўрганишда ҳам катта аҳамиятга эга», - дейди Н. Бахрамжонова.

Комплексга кириш дарвозаси

Тарихчи «Шоҳ Фозил» обидаси бўйича ўз илмий ишини давом эттириб, Германиядаги ҳамкасблари билан биргаликда монографиясини чоп эттиришни режалаштирмоқда.

Музейининг туризм бўйича бош мутахассиси Сафед Булон қишлоғига тарихий обидаларни кўриш учун Марказий Осиё давлатларидан ташқари, Европа ўлкаларидан ҳам сайёҳлар ташриф буюриб турганига қарамай уларнинг сони кўп эмаслигини, ҳар мавсумда сайёларнинг сони таҳминан 4000-5000 нафардан ошмаётганини айтди.

«Бунга қишлоқнинг чекка ҳудудда жойлашгани ва йўлларнинг ёмон эканлиги ҳам сабаб. Агар «Шоҳ Фозил» каби Қирғизистондаги бошқа диний-тарихий ёдгорликларни, зиёратгоҳларни кўпроқ элга танитсак ҳамда туризм учун шароитлар яратилса, бу рақамлар бир қанча баробарга ортади. Агар, 2010 йилгача келадиган зиёратчилар асосан ўзбекистонликлар бўлган бўлса, эндиликда Сафед Булон қишлоғи қирғизистонликлар орасида ҳам машҳур бўла бошлади», - дейди «Шоҳ Фозил» тарихий-маданий музейининг туризм бўйича бош мутахассиси Азимжон Қосимов.

Сурат: Даврон Насибхонов