Қозоғистон: Прокуратура Қирғизистон билан чегарада одамга ўқ узган чегарачини текширади

666

Жамбул вилоятида Қирғизистон билан чегарада юз берган отишмадан сўнг, икки нафар ҳарбий хизматчига нисбатан судга қадар тергов жараёнлари бошланди. Отишма оқибатида бир киши ҳалок бўлган эди.

Бош ҳарбий прокуратура хабарларига кўра, 12 август куни кечқурун 2035 ҳарбий қисмнинг "Жасоркен" чегара заставасида мажбурий хизматнинг икки кишилик чегара наряди томонидан бир неча ўн номаълум шахслар пайқаб қолинади. Тарқатилган хабарларга қараганда, улар қўшни Қирғизистондан “отлар уюрини ҳайдаб ўтиш мақсадида” давлат чегарасидаги инженерлик қурилмаларига зиён етказишди.

Чегара наряди етакчиси оддий аскар Ергеш “Тўхта” деган буйруқни беради. Бунга жавобан, расмий маълумотга кўра, номаълум шахслар “чегарачиларга тош улоқтира бошлаган”. Шундан сўнг Ергеш ўзига топширилган қуролдан ҳавога қарата огоҳлантирувчи, кейинроқ эса ҳужум қилувчилар томонга ўқ узади. Бунинг оқибатида Жамбул вилоятининг Жамбул туманидаги Жасоркен қишлоғида истиқомат қилувчи Қозоғистон фуқароси Амиртаев Е.Д. олган жароҳат натижасида вафот этди.

Бош ҳарбий прокуратура хабарига кўра, икки нафар ҳарбий хизматчига нисбатан “Қурол ишлатилган холда оғир талофатга сабаб бўлган хокимиятни суистъемол қилиш” моддаси бўйича жиноий иш очилган. Жиноий иш "мазкур можаронинг барча иштирокчилари ҳатти -ҳаракатларига баҳо бериш ва вазиятни ўрганиш мақсадида обьектив тергов ишларини олиб бориш мақсадида қўзғатилди”, дейилади бош ҳарбий прокуратура хабарида.

Бундан аввал полиция ҳукумат вакилларига нисбатан куч ишлатишда гумон қилинган шахсларга нисбатан тергов ишларини бошлаб юборган эди.

Муаллиф: Рустам Халимов