«Ўзбекистон 24» Каримовни танқид қилган кўрсатув бошловчисини алмаштирди

825

“Ўзбекистон 24” телеканалининг бошловчиси Комилжон Шамсиддинов собиқ президент Ислом Каримовнинг сиёсатини танқид қилгач ўз вазифасидан озод қилинди.

Шамсиддинов “Ўзбекистон 24” телеканилининг “Таҳлилнома” таҳлилий теледастурида бошловчи бўлган. 30 июль куни эфирга узатилган дастурда у Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовга нисбатан танқидий фикр билдирган.

«Центр-1» нашрининг манбаси Шамсиддиновнинг ишдан бўшатилганини тасдиқламаган, лекин айтилишича, у марҳум Каримовни танқид қилгач “четга сурилган”.

Таҳлил давомида бошловчи эски давлат бошқаруви вақтида Ўзбекистон хукумати қўшни давлатлар билан алоқани ёмонлаштирганидан норози бўлиб гапирган.

Шамсиддинов шунингдек Каримов хукуматининг миллий валюта сиёсатидаги “ношаффофлик”ни ҳам танқид қилиб ўтган.

Шамсиддиновнинг кетишидан бир ҳафта аввал Ўзбекистон Миллий телерадиокорпорациянинг раҳбари Хуршид Мирзохидов каналда танқидга йўл бергани учун мансабидан ажратилган эди. Ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шахсан қабул қилган.

“Ўзбекистон 24” телеканали Мирзиёев ташаббуси билан ташкил қилинган. Канал ўз фаолиятини президентнинг туғилган куни — 24 июлда бошлаган.

Муаллиф: Рустам Халимов

Сурат: «Ўзбекистон ахбороти» Youtube-канали