Олиб қочилган польшалик ўқитувчи аёл аризасини қайтиб олди

619

Полшадан келган ўқитувчи қиз Агнешка Квецен олиб қочишга ҳаракат қилган йигитларга қарши барча айбловлардан бош тортди. Милиция қўлга олган йигитлар қизга ёрдам бергиси келганини ва «ёмон ниятлари» бўлмаганини айтишган.

Квецен яқин орада Африкага кетаётгани сабабли ўз аризасини қайтариб олганини билдирди.

«Мен бу ишни давом эттириб, милиция ходимларига ёрдам бергим келади, бироқ бундай қилолмайман. Келаси ойда мен Африкадаги университетда магистратурада ўқиш учун кетяпман. Мен барча ҳужжатларни ва визани тайёрлашим керак», - деди у Kloop.kgга.

У ўз аризасини милиционерлар қизни олиб қочишга ҳаракат қилган гумондорларни ушлагандан кейин қайтариб олган.

Иссиқкўл вилоятининг милицияси хабарига кўра, қизни олиб қочишга ҳаракат қилганлар Балиқчи-Корумду йўлини қураётган «Лонг Хай» компаниясининг ишчилари бўлган.

«Биз Европа миллатидаги бир қизни кўриб қолиб, унга манзилига етказиб қўйишни таклиф қилдик, у бош тортганда биз узоқлаша бошладик. У маҳаллий бўлмагани сабабли қўрқиб, бошқа машинага ўтириб олди», - деб айтиб берди йигитларнинг сўзини милиция ходими.

Бироқ полшалик ўқитувчи қиз Kloop.kgга берган интервьюсида бир киши машинадан тушиб, уни қучоқлаб уни автомобиль салонига солишга ҳаракат қилганини айтиб берган.

Иссиқкўл ИИБнинг матбуот котиби Сталбек Усубакуновнинг айтишича, иккинчи машинанинг ҳайдовчиси уни олиб қочишга ҳаракат қилмаган, «тил билмаслиги сабабли» уни яхши тушунмаган.

«У қаерда ишлашини айтганда ҳайдовчи уни катта йўлга чиқариш керак деб тушунган. У ҳам рус тилини яхши тушунмайди», - деди Усубакунов.

Квецен эса қирғизистонликларга қўллови ва минглаган яхши истаклари учун миннатдорчилик билдирди.

«Бу воқеа мени Қирғизистонга бўлган муносабатимга таъсир қилмайди. Мен бу ўлкани ва одамларини яхши кўраман», - деди у.

Полшалик қизнинг олиб қочилиши

Полшадан келган ўқитувчи қиз Агнешка Квеценни номаълум йигитлар 23-июль куни «Радуга» ва «Карвен Четыре Сезона» пансионатлари орасида олиб қочишга ҳаракат қилишган.

Квеценни олиб қочишга учрагани тўғрисидаги материал Kloop.kg сайтида 25-июль куни эълон қилиниб, ижтимоий тармоқларда катта муҳокамага сабаб бўлди.

Айрим фойдаланувчилар полшалик қизни жуда очиқ кийиниб олганлиги сабабли олиб қочишга учраганини айтиб айблашса, айрималар аксинча, уни қўллаб, милиция чора қўллашини талаб қилишган.

Муаллиф: Нуржамал Жанибекова