Депутатлар Жапаров ва Чудиновга коррупция бўйича жиноий иш қўзғалди

728

Бош прокуратура парламентдаги «Бир бол» фракциясининг депутатлари Акилбек Жапаров ва Игорь Чудиновга қарши жиноий иш қўзғади. Улар порахўрликда айбланмоқда.

МХДҚ терговчиларининг версияси бўйича Чудинов премьер-министр бўлган вақтда 2009-йили «Машина синаш станцияси» компаниясига давлат бюджетидан «асоссиз ва ноқонуний» 200 миллион сом миқдорида ссуда ажратган. Бу пулни компания давлатга қайтариб бериши керак эди, бироқ тўлаб берадиган муддати икки марта қолдирилган.

Маблағлар бўлингунга қадар Чудиновнинг қайнонаси (Т. Шандецкая) компаниясининг 24 фоиз акцияларини сотиб олган.

Терговчилар компания акцияларининг 95 фоизи парламент депутати Акилбек Жапаров билан боғлиқ кишиларга тегишли деб ҳисоблашади. Масалан, компания акцияларининг бир қисмига Жапаровнинг аёли эгалик қилади.

МХДҚ терговчиларининг версияси бўйича 2017-йилнинг биринчи мартига нисбатан «Машина синаш станцияси» компаниясининг давлатга бўлган қарзи 237 миллион сомдан ортган. Жиноий иш материалларига қараганда, 68 миллион сомдан ортиқ пул самарасиз фойдаланилган.

Терговчилар давлат бу орқали йирик миқдорда зарар кўрган деб ҳисоблашади.

Акилбек Жапаров ўзига қарши қўзғалган жиноий иш тўғрисида ҳеч нарса билмаслигини билдирди.

«Ҳозирча мени бу масала бўйича чақиришмади. Чақиришса, шунда сизларга изоҳ бера оламан », — деди у.

Чудинов 24.kg маълумот агентлигига бу жиноий иш тўғрисида ОАВларидан билганини айтди.

«Мени ҳеч қаерга чақиришмади, ҳеч қандай расмий даъво қўйишмади. Умуман тушунарсиз вазият. Мен бунга қандай изоҳ беришни ҳам билмайман, бергим ҳам келмайди », — деди у.

Жиноий ишда аввалги қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги министрлари Чингисбек Узакбаев билан Талаайбек Айдаралиевнинг номлари ҳам айтилмоқда.

Ишни тергов МХДҚнинг тергов бошқармасига топширди.

Муаллиф: Айдай Эркебаева