Россиялик терговчилар томонидан Қирғизистонда туғилиб ўсган ака-ука Аброр ва Акром Азимовларга терроризм ва қурол сақлаш бўйича узил-кесил айблов қўйилди.
Акромни тергов аввалроқ Санкт-Петербургдаги метрополитенда 3 апрелда содир бўлган терактнинг ташкилотчиси деб атаган эди. Бу теракт натижасида 15та одам ҳалок бўлган эди.
"Менинг ҳимоям остидагиларга 205-модда (терроризм) ва 222-модда (қурол-яроғ ва портлатгичларни сақлаш)" бўйича айбловлар қўйилган, – деди ака-укаларнинг адвокати Дмитрий Динзе.
Азимовлар Москвада ва Подмосковьенинг Одинцово туманида ушлаб олинган эдилар. Акром Азимов ўзининг терактга алоқадорлигини инкор қилган. Ака-укаларнинг онаси ҳам унинг ўғиллари терактга алоқаси йўқлигини ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вакиллари Акромни касалхонадан ўғирлаганини маълум қилган эди.
Бироқ тергов таъкидлашича, Аброр Азимов тахмин қилинаётган ҳудкуш Акбаржон Джалилов билан яқин алоқада бўлган ва терактни ташкил қилишга пул тўплаш билан шуғулланган. Унинг акаси Акром Азимов, терговчиларнинг фикрига кўра, "Россия Федерациясига халқаро террористик ташкилот аъзоларининг кириб келиши учун ҳужжатларни сохталаштириш билан шуғулланган ", – дейилади қамоққа олиш тўғрисидаги қарорда.
Яқин орада ака-укалар 2013 йилда Пермда олишган РФ фуқаролигидан маҳрум қилиндилар. ИИВ ака-укаларнинг ўзи ва уларнинг ота-оналари Россия фуқаролигига ариза беришаётган вақтда ўзлари тўғрисида ёлғон маълумот беришганини исботлади.
Муаллиф: Метин Жумагулов