Ўзбекистон: Юзлаб одамлар музқаймоқдан заҳарланди

559

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида юзлаб одам бир хил симптом-тинимсиз ич кетиш ва қайт қилиш аломатлари билан касалхонага мурожаат қилган. Шаҳар ҳокимлигида хабар беришича, одамлар «қўлбола музқаймоқдан» заҳарланган.

Андижон вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозимининг айтишича¸ улардан камида 300 нафарининг музқаймоқдан заҳарлангани аниқланган. Шаҳрихонликлар музқаймоқдан заҳарланганлар сони 600 етганини айтмоқда.

"Сешанба куни пешингача бўлган ҳолатда музқаймоқдан заҳарланган 182 киши касалхонанинг интенсив терапия бўлимида муолажа олмоқда", - деди маҳаллий мулозимлардан бири.

Шаҳрихонлик тадбиркор йигит Икромжоннинг айтишича¸ шаҳарда музқаймоқдан заҳарланган бир нечи киши ўлгани ҳақидаги миш-миш урчиган. "Тумандаги катта марказий касалхона тўлган. Вилоят ҳокими¸ Тошкентдан келган катта мулозимлар билан ҳокимлик биносида штаб очган"¸ - дейди тадбиркор.

Ушбу маълумотни вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозими рад этди. Унинг айтишича¸ музқаймоқдан заҳарланган биронта бемор ўлими қайд қилинмаган, вазият эса барқарорлашган.

Шаҳарга Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари¸ Республика Бош Давлат санитария врачи Сайдмурод Сайдалиев бошчилигидаги врачлар келди.

Шаҳар ҳокимиятида бутун шаҳардаги музқаймоқ сотувчилари тафтиш қилинаётганини хабар қилишди.

Муаллиф: Айдай Эркебаева