Қирғизистоннинг ФҲМи Аюу қишлоғидаги ер кўчки тушган ерда қидирув ишларини тўхтатди. Кўчки остида яна 16 киши қолмоқда, яна 8 кишининг жасади топилиб, қариндошларига берилди.
Кўчки остида қолган 16 киши учун улар ётган жой қабристон бўлиб қолади. Қирғизистоннинг диний олимлар кенгаши бу одамларнинг жанозасини ўқитиш тўғрисида қарор чиқарди.
Қариндошларининг рухсати билан ФҲМ уларнинг жасадини қидирмайдиган бўлди.
Ўш вилоятининг Ўзган райони Аюу қишлоғига 29-апрелда 1 миллион куб метр кўчки тушган. Катта ҳажмдаги тупроқ 11 уйни босиб қолган, уларнинг олтитасида одамлар бўлган.
Кўчки остида олти оиладан 24 киши қолган. Қидирув ишлари давомида саккиз кишининг, унинг ичида вояга етмаган уч фуқаронинг ўлиги топилган.
Маҳаллий ҳукумат вакиллари ер кўчки тушишидан бир кун аввал қишлоқда бўлиб, унинг турғунларини кўчиб кетишга чақиришганини айтишди. Улар апрелнинг бошида кўчирилган, бироқ айрим оилалар қайта ўз уйларига келишган.
Қирғизистон ҳукумати марҳумларнинг қариндошларига 100 минг сомдан пул ажратиб берди.
Аюу қишлоғи – Ўзгандаги ер кўчки ҳавфи бор биргина жой эмас, Бу ерда кўп марта сел бўлиб, кўчки тушиб, натижада одамлар ҳалок бўлади.
Масалан апрелнинг ўртасида Шамол-Терак қишлоғида ер кўчки икки уйни босиб қолиб, бир киши ҳалок бўлган. Мартнинг охирида Ничке-Сай қишлоғида олти кишидан иборат оила қолиб кетган.
Жалпак-Таш қишлоғида 1 майда ҳеч ким ҳалок бўлмаган – унда ер кўчки 11 уйни босиб қолган эди. Қишлоқ яшовчилари ўз вақтида кўчирилган.
Ер кўчкиларга тинимсиз ёғингарчилик бўлаётгани ва тез-тез зилзилаларнинг такрорланаётгани сабаб қилинмоқда.
Муаллиф: Бексултан Амантур ўғли