Олий суд муҳолифатчи Омурбек Текебаевнинг эҳтиёт чорасини ўзгартиришсиз қолдирди. Ҳукм адвокатнинг иштирокисиз чиқарилган.
Текебаевнинг адвокати Таалайгул Токтакунова суднинг ҳукмига қарши шикоят қилиб бўлмаслигини билдирди.
«Биз буни очиқдан очиқ ноқонуний деб ҳисоблаймиз. Биринчи кундан бошлабоқ барча далилларни кўрсатиб келаяпмиз. Жиноят ишини қўзғашнинг ўзи Конституцияга қарши келади деб ҳисоблаймиз», — дейди у.
Олий суднинг матбуот котиби Айнура Токтошева Текебаевнинг адвокати ҳимоя чорасига қарши шикоят қилишдан кечикиб қолганини, шунингдек суд коллегияси иш бўйича фаолиятни тўхтатганини билдирди.
Бироқ «Ата Мекен» партиясининг депутати Наталья Никитенко ҳукм қонунсиз эканини билдирди.
Текебаевнинг юзга яқин тарафдори Эски майдондаги Олий суд иморатига келишди. Улар депутатни қўллаб митинг ўтказиб, сиёсатчини бўшатишни талаб қилишмоқда.
«Ата Мекен» партиясининг етакчиси Омурбек Текебаевни қўлловчи митинглар у 26 февралга ўтар кечаси аэропортда қўлга олингандаёқ бошланган.
Бундан бир кун аввал россиялик тадбиркор Маевскийнинг кўрсатмаси асосида Текебаевга қарши «Коррупция» ва «Товламачилик» моддалари бўйича жиноят иши қўзғалган.
Маевский Текебаевга 2010 йили «Мегаком» компаниясини бошқариш ҳуқуқини олиб бериши учун 1 миллион доллар берганини айтган.
Сиёсатчининг тарафдорлари уни қўллаб Бишкекда, Ўш ва Жалолобод вилоятларида бир неча кун бўйи митингга чиқишган.
Муаллиф: Нуржамал Жанибекова