Мэрия диний чақируви бор реклама баннерларини текширади

542

Бишкек мэрияси диний чақирувлари бор реклама баннерларни текширади ва уларни жойлаштирган кишилар билан «тушунтириш ишларини» олиб бормоқда. Реклама тўғрисидаги қонун бундай чақирувлари бор баннерларни таъқиқлайди.

Бишкекдаги авто эҳтиёт қисмлар сотилган хусусий уйларнинг дарвозаларида «Аллоҳу Акбар», «Бисмиллох», «Машаллох» деган сўзлар ва мусулмонларнинг табаррук китоби Қуръондан парчалар ёзилган реклама баннерлари илинган.

Мэриянинг матбуот хизмати Патрис Лумумба кўчасидаги айрим хизмат марказларининг ва контейнерларнинг дарвозаларида илинган баннерлар текширилишини билдирди.

Бишкек мэрияси матбуот хизматининг етакчиси Гуля Алмамбетова «Азаттык» радиосига баннерларни илган кишилар билан тушунтириш ишлари олиб борилаётганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, ташқи реклама тўғрисидаги қонун бўйича рекламада диний ёзувлардан фойдаланиш таъқиқланади.

«Патрис Лумумба кўчасига шундай реклама баннерларнинг бир нечтаси илинган. Ислом йўналишидаги ёзув, ундан кейин эса автоэҳтиёт қисмлар сотиш тўғрисида маълумот ёзилган. Рекламанинг мазмуни ва илинган жойи нотўғри, улардан фойдаланишга руҳсат олинмаган», — деди у.

У текширувни мэрия билан бирга давлат мулкини бошқариш жамғармасининг ходимлари олиб бораётганини айтди.

«Прецедент» юридик компаниясининг адвокати Жибек Кенжебекова Kloop.kgга рекламани диний чақрирувларнинг ёки сўзлардан фойдаланиши ноқонуний эканлигини тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, реклама тўғрисидаги қонунни бузиш маъмурий жазо билан жазоланади. Хусусий шахслар икки мингдан ўн минг сомгача, хизмат ходимлари беш минг сомдан ўн минг сомгача, юридик шахслар ўн минг сомдан юз минг сомгача жаримага тортилиши мумкин.

Ноябрь ойининг бошида Чуй ва Жалолобод вилоятларида мана шундай баннерлар пайдо бўлиб, бироқ маҳаллий ҳукуматнинг аралашувидан кейин олиб қўйилган.

Муаллиф: Александра Титова

Сурат: "Азаттык"