Бепул нон: Ёш оила қарияларга қандай қилиб яширин ёрдам қилмоқда

772

Ёш оила кунига “қарияларга бепул берилсин” деган шарт билан дўкондан ўнглаган нон сотиб олишмоқда. Бу каби акциялар бошқа савдо шаҳобчаларида ҳам ўтмоқда. Харидорлар ёрдамга муҳтож одамлар учун озиқ-овқатларни махсус токчаларга қолдириб кетишади.

Қариялар Гоголь кўчасидаги озиқ-овқат дўконларининг бирида тонг азонда келиб, дўконга ноннинг олиб келинишини кутишади.

Кунига дўконнинг олдида ўнлаган пенсионерлар навбатга туришади. Улардан айримларининг сўзларига кўра, дўконга кунига саксонга яқин, айрим ҳолларда юздан ортиқ киши тўпланади.

Пенсионерларнинг айтишича, нон озиқларини ташувчи машина белгиланган вақтда келади. Баъзан эрталабки тўққизда ёки кечроқ, аммо соат 11 дан кеч қолмайди.

Йиғилганларнинг кўпчилиги бир-бири билан таниш бўлиб қолган. Улар бирга йиғилиб, дўкон ёнидаги ошхонанинг зинапояларида суҳбат қуришади. Айримлари кунига шу ерга келишса, айримлари шароитга кўра шаҳарнинг турли томонларидан йиғилади.

“Тежалган 15 сом — бу катта ёрдам”

Пенсионер Клара Аманова шарқий автобекатнинг ёнида яшайди ва бу ерга ҳафтасига бир неча марта келади. У бепул нон олиш учун олисдан келганлигини ҳамда тежалган 15 сом катта ёрдам эканини айтади.

Бу ердан бепул нон олгани Зоя Гороховацкая ҳам келиб, ўзига ва бемор қайнонаси учун икки нон олиб қайтади.

“Бир ойда 300-400 сом ҳам — катта ёрдам. Бу ердан кўп киши ёрдам оламиз. Ташаббусчиларга биз миннатдорлик хатини ёзганмиз, лекин бепул нон эҳсон қилаётган одамнинг ким эканлигини бизга айтишмади, кўнгиллилар номаълумлигича қолишди”, — деди у.

Унинг айтишича, кўнгиллилар уларни бошқа озиқ-овқатлар билан ҳам таъминлашни исташган.

“Улар бизга бир ойда бир марта товуқ сонини ёки бошқа бир нарса таклиф қилишни хоҳлашган, бироқ буни амалга оширолмай қолишди”, — деди пенсионер.

Бу каби ёрдамга бошқача ёндошаётган пенсионерлар ҳам бор.

“Бекорга бир нарса берилармиди? Бепул нон тарқатган бу одамларнинг қандайдир бир сабаби бўлиши мумкин. Чунки текин ҳеч нарса йўқ” , — дейди пенсионерлардан бири.

“Номаълум бўлиб қолишни истаган сахий инсонлар”

Дўкон ходимларининг айтишича, бепул нон тарқатиш — яширин қолишни истаган ёш оилаларнинг ташаббуси.

Уларга бу хайрия ишини амалга оширишда Бишкекнинг  озиқ-овқат дўконининг ходимлари ёрдам беришга рози бўлишиб, ҳар куни янги пишган нонларни тарқатишда ёрдам беришади.

Администратор бўлиб ишловчи Чолпон, бу саховатли инсонлар аввал бошқа дўкон билан хамкорлик бошлашганини, у дўкон ёпилиб қолганда шу дўконга келишганини айтди.

Хайрия тадбири ёзда бошланган, акциянинг ташаббусчилари уни давом эттиришни ният қилишган.

Бир ой аввал бу каби акция Бишкекнинг бошқа дўконларида, BetaStores, Berlin дўконларида бошланган. Харидорлар махсус токчаларга кам таъминланган оилалар ҳамда уй-жойи йўқ қирғизистонликлар учун озиқ-овқатларни қолдириб кетишади.

Муаллиф: Метин Джумагулов