Нью-Йоркдаги мода ҳафталиги: Ҳижоб — янги тренд

1448

Индонезиялик дизайнер Нью-Йорк мода ҳафталигида биринчилардан бўлиб ҳижоб коллекциясини кўрсатди. Анниса Хасибианнинг D’Jakarta баҳор-ёз 2016 коллекцияси 38 кунлик ва 10 кечки кийимлардан ташкил топган.

Ҳар бир либос ҳижоб ва енглари узун араб кўйлаклари ҳамда очиқ рангдаги кенг шимлардан ташкил топган. Либослар тилла рангли тўрлар ва кристаллар билан безатилган.

Muslim Girl мода журналининг кузатувчиси Маха Сиеда Анниса Хасибианнинг коллекцияси тўғрисида ижобий фикрлар ёзган.

«Индонезиялик дизайнер ғарб мода дунёси билан ўз ўлкасининг маданиятини чиройли уйғунлаштира олган. У мода билан оддийликнинг гармониясини яратган, сабаби улар икки хил бўлиб ажралиб қолмаслиги керак», — деб ёзган у ўз мақоласида.

Анниса Хасибиан — Нью-Йорк мода ҳафталигида ўз коллекциясини кўрсата олган дастлабки индонезиялик дизайнер. У моделларни яратишда ўзининг либослар дўкони жойлашган шаҳри Жакартадан андоза олган.

Мода намойишида Haute Hijabнинг ижрочи директори Мелани Элтурк иштирок этган. Haute Hijab — ҳижоб сотган америкалик бренд.

«Мода — замонавий ҳаётда маданий алмашишлар учун яна бир платформа, ҳижобни Американинг одатий кийимига айлантиришнинг йўли ва бу йўл билан стереотипларни ва нотўғри тушунчаларни бартараф қилиш», — деб ёзган Элтурк ўзининг инстаграмида.

Дефиледан кейин томошабинлар дизайнерни ўрниларидан туриб олқишлашди. Ўтган йили баҳорда эса бу коллекцияни Хасибиан Истанбулдаги мода ҳафталигида намойиш қилган эди.

Ғарб дизайнерлари мусулмон стилидаги либосларни тикишади. Италиялик мода уйи Dolce&Gabbana 2016-йилнинг январида «Абая» мусулмонлар либосларининг коллекциясини яратган. 2015-йили H&M дунё кийим ритейлари ўзининг реклама кампаниясига ҳижоб кийган моделни қўшган.

«Томсон Рейтер» халқаро медиакомпаниясининг ҳисоботига кўра, 2013-йили мусулмон ҳаридорлар либос ва аксессуарларга 266 миллиард доллар сарфлашган. Ҳисоботда кўрсатилишича, 2019-йилгача бу сумма 484 миллиардга етади.

Нью-Йоркдаги сўнги мода ҳафталиги 8идан 14-сентябргача бўлиб ўтди. Шоуга 125 томошабин келган, бундан ташқари яна икки миллионга яқин халқ кўрсатувни онлайн трансляциясига гувоҳ бўлишган.

Нью-Йорк, Лондон, Париж ва Миландаги мода ҳафталиги — мода дунёсидаги асосий воқеалардан. Бундай ҳафталиклар бир йилда икки марта ўтказилади.

Муаллиф: Регина Им