Лондондаги ҳужум: Бир киши ҳалок бўлиб, беш нафари жароҳатланди

750

Лондон марказий кўчаларидан биридаги ҳужумдан бир аёл ҳалок бўлиб, яна беш нафар киши жароҳатланди. Пичоқ билан қуролланган шахс полиция томонидан қўлга олинди, деб билдирди Би-Би-Си.

3 август куни кечки маҳал пичоқ билан қуролланган шахс Лондон марказидаги Рассел-сквер майдонида кўчадаги одамларга ҳужум қилган. Воқеа содир бўлган жойда полиция олти нафар одамнинг жароҳатланганини кўрган. Уларнинг орасида кейинчалик вафот этган 60 ёшдаги аёл ҳам бўлган.

Би-Би-Сининг ёзишича, Рассел-скверидаги ҳужум тўғрисидаги маълумот полицияга 3 август куни Лондон вақти билан соат 22:33да тушган.

Қуролланган шахсни қўлга олиш учун полиция отувчи электрошокдан фойдаланган. Кейинчалик, Скотланд-Ярднинг вакили маълумотига кўра, у 19 ёшдаги ўсмир бўлиб чиққан. Ҳозирча унинг шахси ҳақидаги маълумот айтилмаган.

Полиция ҳужумни террористик маънога эга бўлиши мумкин деган тахминни айтмоқда, бироқ ҳужумни амалга оширишда мазкур кишининг руҳий ҳолати сабаб бўлиши мумкин деган тахминни ҳам инкор қилмаган.

Полициянинг расмий маълумотига кўра, ҳужум қилган киши кузатувчилар назорати остида касалхонага ётқизилган.

Ҳозирча ҳужумдан кейин жароҳатланганларнинг — уч эркак ва икки аёлнинг — аҳволи ва жароҳатининг қандайлиги тўғрисида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

The Mirror британ газетасининг ёзишича, ҳужум шаҳар ҳукумати терроризмга қарши курашиш учун қуролли полиция ҳодимларининг сонини кўпайтириш тўғрисида хабар қилган куни бўлган.

Полициянинг терроризмга қарши кураши жорий йилнинг 20 июлида номаълум кишилар томонидан Норфолк графлигидаги Мархам ҳарбий базаси ёнида аскарларнинг бирини ўғирлаб кетиш ҳаракати бўлгандан кейин бошланган.

Муаллиф: Александра Титова