Журналистлар хорижликларга ОАВга эгалик қилишни таъқиқловчи қонун лойиҳасини қайтариб олишни талаб қилмоқда

814

Журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилар ва юристлар Жўғўрқу Кенеш депутатларидан хорижликларга ОАВ таъсисчиси бўлиш, нашриётнинг ўзига эса хорижлик манбалардан юз фоизлик молия олишни тақиқловчи қонун лойиҳасини қайтариб олишни талаб қилмоқда.

Хорижликларга ОАВ таъсисчиси бўлиш ва  хорижлик манбалардан юз фоизлик молия олишни тақиқловчи қонун лойиҳасига қаршилар 16 июн куни Жўғўрқу Кенеш депутатларига хужжатни қайтариб олиш илтимоси билан мурожаат қилишди.

Депутатлар ташаббусига қаршилар орасида журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва юристлар бор.

Мустақил журналист Азамат Тинаев қонун лойиҳаси  — “қонун фаолияти тақлидидир”, деб ҳисоблайди.

“Бугунги кунда барча оммавий ахборот воситаларимиз инқироз вазиятида турибди ва кўп одамлар иш ўрнини йўқотиши мумкинлиги сабабли қонун лойиҳасига қаршимиз. Лойиҳани журналистлар билан муҳокама қилиш ўрнига улар [депутатлар], шундай “шафқатсиз усулларга” боришаяпти”, — дейди у.

“Медиа Полис Институти” раҳбари Бегаим Усеновага кўра,  “Республика — Ата-Журт» ва ҚСДП фракциялари томонидан кўрсатилган ҳужжат “вақт талабларига жавоб бермайди”.

У ўзининг “Фейсбук”даги саҳифасида, лойиҳа оммавий ахборот воситалари эркинлигига таълуқли эканини ёзган.

“Бизнинг ва бир неча бошқа медиаташкилотлар дархол қонун лойиҳасига қарши чиққан негаки у конкрет ОАВ эркинлигига таълуқлидир. 2013-2017 йилларга барқарор ривожланиш миллий стратегиясини ҳисобга олганда ахборот сиёсатининг асосий принцпларидан бири маълумот олишга ва мамлакатнинг жаҳон ахборот майдонига киришига имконият яратишдир. Ташаббус эса, замон талабига риоя қиладиган кўринмайди”, — деб ёзади у.

Юрист Алтинай Исаева фикрича, қонун лойиҳаси конституция нормаларига зиддир, молиялаштиришнинг қисқартирилиши ОАВга грант олиш учун турли танловларда иштирок этиш имкониятини йўқ қилади.

Қонун лойиҳаси ташаббускори, ҚСДП фракцияси депутати Кожобек Риспаевнинг Kloop.kgга берган интервьюсида айтишича, ОАВ фаолиятини “давлат хавфсизлиги”ни таъминлаш учун тартибга солиниши керак. Унинг қўшимча қилишича, молиялаштиришни чеклаш тўғрисидаги қонун бошқа давлатлар тажрибасидан олинган.

“ОАВ тўғрисидаги бу қонун Қирғизистонда анчадан буён осилиб ётибди. Уни олдинроқ қабул қилиш керак эди. Ҳеч ким ишлашни тақиқламаяпти. Бу фақат бир қисми бўлади. Бу дунё амалиётидан олинди, бундай қонун Япония, Швейцария ва Австралияда бор, улар молиялаштириш қисмини 25 фоиз, 30 фоизга чеклашади. Ҳозирча қонун лойиҳаси хом лекин биз уни фракцияда кўриб чиқамиз”, — деди у Kloop.kgга берган интевьюсида.

“Ар-Намус” фракциясидан депутат Бакит Жетигеновга кўра, оммавий ахборот воситалари фаолияти амалдаги қонун билан ҳам назорат қилинаяпти.

“Менимча бизда барча қонунлар, конституциямиз бор. ОАВ фаолиятини тартибга солувчи қўшимча қонун лойиҳаси керакмас. Давлат ОАВ ва ҳусусийлари бор. Мен, рақобатлашаверишсин, уларга қандай маъқул бўлса шундай ишлайверсин деб, ўйлайман”, — дейди у.

Хозирча депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишмади. Унинг муҳокамаси кейинги йиғинга қолдирилди.

ОАВ тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар

Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 13 май куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Унинг ташаббускорлари — ҚСДП ва “Республика — Ата-Журт “ фракцияси депутатлари — ўз ташаббусини амалдаги ОАВ тўғрисидаги қонунда ахборот хавфсизлигини назарда тутувчи моддалар йўқлиги билан асослаган.

“Медиа Полис Институти” жамоатчилик фонди экспертлари, қонунга ўзгартишлар 2014 йили Россия Давлат думаси қабул қилган қонунга ўзгартишларни қайталаётганини маълум қилишган.

“Таъкидлашни хоҳлардикки, қонун лойиҳаси томонидан таклиф қилинаётган ўзгартишлар Россиянинг “ОАВ тўғрисидаги” шу каби қонуни мазмунини тўла қайталамоқда ва бизнинг қонунчиликка ҳеч ҳам мослаштирилмаган ҳамда мамлакатимиз учун зарур бўлиб ҳисобланмайди”, — деб ёзишади улар ўз мурожатида.

Муаллиф: Сайкал Токтогулова

Видео: Азамат Каработоев