Видео: Нонвой масжидда бўлган вақтда ҳам ҳаридорлар ўзлари нон сотиб олиб, пулини қолдириб кетишмоқда

1293

Ҳафтанинг ҳар жумасида нонвой ва нон сотувчи Рўзимуҳаммад Юсупов нонвойхонасини икки соатга ёлғиз қолдириб, жумъа намозига кетади. Бу вақтда харидорлар сотувчисиз ҳам ўзларига керак бўлган нонни олиб, пулини қолдириб кетишади.

Kloop.kgнинг мухбирлари нонвойчи билан танишиш учун Абдрахманов ва Куренкеев кўчалари кесишган ерга боришганда унинг тандирни қаровсиз қолдириб, масжидга кетишга чоғланаётганини кўришди.

Рўзимуҳаммад Юсупов ҳар жума нонвойхонасини қаровсиз очиқ қолдириб, ибодат қилгани кетади. У йўқ вақтида келган ҳаридорлар дафтар вароғига “Бу ерда ҳеч ким йўқ, ҳамма масжидга кетган” деган ёзувни кўришади.

Келган ҳаридорлар бемалол ўзларига керак бўлган нонни олиб, ҳар бир нон учун 20 сомдан қолдириб кетишади. Дафтар ёнидаги ручка билан эса қанча суммага қанча нон олганликларини ёзиб қўйишади.

“Мен нонларни одамларга эмас, Худога ишонганим учун қолдириб кетаман. Ўғирланган вақтлар ҳам бўлган, баъзида уларни ушлаб олиб, Худога ишониш кераклигини, агар пулсиз бўлиб нонга эҳтиёжинглар бўлса нонни ўзим ҳам беришим мумкин деб, тушунтирганман. Шундан кейин ўғирламай қўйишди”, — деди Юсупов.  

Унинг тандири тонги олтидан кечки бешгача ишлайди, бироқ буюртмалар кўп бўлган айрим ҳолларда у оиласи  билан биргаликда тонг откунча ишлашига тўғри келади.

“Мен 24 ёшдаман, болалигимдан бери нон сотаман. Кейинчалик ўзим нон ёпиб сота бошладим. Бошқаларга ўхшаб бу ерни ижарага ишлатаман”, — деди нонвой.

Юсуповнинг доимий ҳаридорларидан бири Чолпонбай Кандаралиев баъзида нон ва сомсани қарзга олиб туришини айтди.

“Мен доим шу ердан сотиб оламан. Бир сафар набирамнинг сомса егиси келиб қолиб, қарзга сомса олганман, пулини кейин берганман”, деди у.