Садирқулов ўлими бўйича маҳкама: беш киши қамалди, икки киши амнистия бўйича қўйиб юборилди

687

Бакиев маъмурияти собиқ бошчиси Медет Садирқулов ўлими юзасидан айбланаётган беш киши 5 йилдан 18 йилгача жазо муддатини олди. Қолган икки киши амнистияга кўра қўйиб юборилди. Томонлар суд ҳукмидан норози эканларини айтиб, уни юқори инстанцияларда шикоят қилишларини билдирдилар.

18 йиллик кучайтирилган режимдаги қамоқ жазосини икки айбланувчи олди:

• Марат Турдукулов, давлат соқчилик хизмати собиқ ходими;
• Садык Борубаев, Камчы Кольбаев жиноий тўдаси аъзоси.

Уларнинг ҳар иккаласи Медет Садирқуловни ўғирлаганлик ва ўлдирганликда айбланмоқда. Борубаев шунингдек, тергов версиясига кўра Садирқулов ҳалок бўлган автоҳалокатни саҳналаштирганликда ҳам айбланди.

15 йиллик кучайтирилган режимдаги қамоқ жазосини яна икки айбланувчи олди:

•Эргешбек Маткайымов, Ички ишлар вазирлиги махсус гуруҳи собиқ ходими;
•Бакыт Байженов, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «Альфа» гуруҳи ходими.

Улар ҳам сиёсатчини ўлдирганликда айбланмоқдалар.

Чегара хизмати собиқ бошчиси Замир Молдошевни суд беш йиллик кучайтирилган тартибдаги қамоқ жазоси ва мол-мулкини мусодара қилишга ҳукм қилди.

Давлат соқчилик хизмати вакили ўринбосари Нурлан Темирбаев ва Жаниш Бакиевнинг собиқ ҳайдовчиси Азиз Кожошевни суд муваққат ҳукумат амнистиясига кўра оқлади.

Суддаги ҳимоя томони адвокати ҳамда айбловчилар суд ҳукмини юқори инстанцияда арз қилишларини билдирдилар.

«Суд ҳукми чиққанининг ўзи катта иш. Бирор бир хулосага келишга эрта: ҳукмни олиб уни ўрганиб чиқиш керак, бироқ мен айбланувчиларга жуда енгил жазо берилди деб ўйлайман. Материалларга таяниб биз суд ҳукмини шикоят қиламиз», — деди Садирқуловлар оиласининг маҳкамадаги вакили Леонид Лужанский.

Ҳимоя томони адвокатларидан бири Икрамидин Айткулов суд судланувчилар кўрсатмалари «қийноқлар остиди» олинганини ҳисобга олмаганини айтди.

«Мазкур ҳукмни биз шикоят қиламиз. Ҳукм менда икки хил ҳис қолдирди: бир тарафдан айбловчи томонидан қўйилган бир қанча айбловлар асосли ҳолда олиб ташланди, бироқ айбловларнинг бир қисми, шунингдек ўта оғир айбловлар қолдирилиб қўйилди. Суд айбланучилар кўрсатмаларини қийноқлар остида берилганини ҳисобга олмади», — деди Айткулов.

Садирқулов ўлими

Садирқулов лавозимидан бўшаганидан сўнг, 2009 йилнинг мартида ҳалок бўлган.

Аввал Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари Садирқуловни Бишкек атрофидаги автоҳалокатда ҳалок бўлди, деб эълон қилишганди.

2010 йил революциясидан сўнг ҳуқуқ-тартибот органлари автоҳалокатнинг саҳналаштирилганлиги, Садирқулов умрининг сўнгги йилларида муносабатлари жиддий ёмонлашган Давлат ҳимоя хизмати бошлиғи, собиқ президент Бакиевнинг укаси Жаниш Бакиевнинг буйруғи билан ўлдирилганлиги ҳақидаги тахминни илгари сурди.

Саҳналаштирилган автоҳалокат гувоҳларидан бири, тўқнашувда айбдор деб топилган «Ауди» ҳайдовчиси 2010 йилнинг апрель ойида сирли равишда ўлдирилганди.

Садирқулов ўлими юзасидан маҳкама 2011 йил бошланганди.