Ҳукумат Ўшдаги ўзбек тилидаги плакатларни қирғиз тилидаги нусхаларисиз ноқонуний, демоқда

1160

«Улуттар Биримдиги» партияси Ўшда ўзбек тилидаги билбордларни осиши давлат тили бўйича комиссия эътирозига сабаб бўлди – ҳукумат баёнотига кўра, Қирғизистондаги барча билбордлар ўзида қирғиз тилини мужассам қилиши керак. Умуман олганда Қирғизистонда агитация барча тилларда рухсат этилган. 

Давлат тили комиссиясининг реклама бўйича мутахассиси Бактибек Айтиев «Клооп»га берган интервьюсида партия агитацион билбордлари қирғиз ва рус тилидаги матнлардан иборат бўлиши кераклигини айтди.

«Плакатлар ўзбек тилида эканлиги - ноқонуний. Плакатлар фақатгина рус ёки қирғиз тилида бўлиши керак», - деди комиссия мутахассиси.

У «шаҳарда илинган эълон, прейскурант ва бошқа ҳар қайси маълумотлар» аввало қирғиз тилида, кейинчалик эса бошқа тилларда чоп этилиши лозимлиги айтилувчи - «Давлат тили ҳақидаги қонун»нинг 27чи моддасини назарда тутганини айтади.

Ўш мэрияси давлат тили борасидаги мутахассиси Мамиткерим қизи Эркайим «зарур бўлган ҳолатларда» бошқа тилларда ҳам ёзиш мумкин, бироқ улардаги ҳарфлар ўлчами қирғиз тилидаги ҳудди шу жумлалар ўлчамидан катта бўлмаслиги керак, дея аниқлик киритди.

Ўш шаҳар сайлов қўмитаси котиби Рисбек Нурдинов, айни пайтда бошқарма фақатгина ўзбек тилида чоп этилган агитацион плакатларнинг қай даражада қонунийлигини аниқлаш учун марказий сайлов қўмитасига мактуб юбормоқчи эканлигини айтди.

Ўз навбатида марказий сайлов қўмитаси матбуот хизматида агитация номзодлар истаган тилда олиб борилиши мумкин, деб айтишди.

ЎшГУ талабаси Элмурат Қўчқор уулунинг сўзларига кўра, сайловда номзод партиялар орасида фақатгина «Улутлар Биримлиги» ўзбек тилидаги матнлардан иборат билбордларни осган.

Ушбу партия раҳбари, амалдаги шаҳар мэри Мелис Мирзакматов. У Қирғизистон жанубидаги милллатлараро низолардан сўнг Халқаро инқироз гуруҳи томонидан «қаттиққўл ва мағлуб бўлмас ёш миллатчи раҳбар» деб таърифланган.

Ўз навбатида «Фабула» газетаси Мирзакматов партияси ҳаракатларига киноя билан қараб – мақола муаллифи «Улутлар Биримдиги» ўзбек тилидаги билбордларни «ўзбекни овозига» эришиш учун осганини ёзади.

«Биз одатда сайлов олди пойгада фақатгина икки тил ишлатилишига кўникканмиз – қирғиз ва рус тили, бизнинг Меке керагидан ортиқча тиришган кўринади...», - дейилади «Гезиттер» сайтидаги «Фабула» таржимасида.

Марказ сайлов қўмитаси сайти маълумотларига кўра, ҳаммаси бўлиб Ўш шаҳар кенгашига саккиз сиёсий партиядан 696 номзод сайловда иштирок этади, улар орасида «Ата-Мекен», «Республика», СДПК ва «Улуттар Биримдиги» партиялари бор.

«Демократия ва фуқаролик жамияти коалицияси» кузатувчиси Бақит Оморкулов фикрига кўра, суст агитация туфайли овоз берувчилар партия платформасига қараб эмас, балки партия раҳбарига қараб овоз беришади.

«Ҳозирда одамлар партия ортида турган инсон учун овоз бермоқдалар. Масалан, «Улуттар Биримдиги» партияси учун эмас, балки Мелис [Мирзакматов, шаҳар мэри] учун. СДПКда [унинг фаворити ОшГУ ректори Канибек Исаев] ҳам ҳудди шу аҳвол», - дейди Оморкулов

4 мартда Қирғизистоннинг бир неча ҳудудларида шаҳар кенгаши сайловлари бўлиб ўтиши режалаштирилган: Ўш, Тўқмоқ шаҳарлари ва шунингдек Иссиқ-Кўл вилоятларида.

Муҳаррир: Элдияр Ариқбаев

Фотосурат муаллифи: Элмурат Қўчқор улуу