Келаси йилларга Қурвонжон Дотҳо кичик мавзейига тўлиқ сув хисоблагичлар қўйилиши кутилмоқда, бу эса аҳолининг сувга бўлган мухтожлигига ёрдам бўлади. Бу ҳақда ”Ўш шаҳар водоканал”нинг бош инженери Ўрмўш Ўсмўнўв [Ормош Осмонов] билдирди.
Унинг сўзларига кўра, бу йил “Ўш шаҳар водоканал” “Овропа банки” билан музокаралар олиб борган ва ушбу банкдан 7 500 млн евро ичимлик сувига боғлиқ бир қанча муаммоларни ҳал этиш учун олинишини айтади.
“Бу йил биз “Овропа банки” билан ишладик, у ердан бизга 7 500 млн евро бўлиниши кутилаяпти. Бу маблағ шаҳримизнинг ичимлик сувини яхшилашга сарфланади”- деди ”Ўш шаҳар водоканал”нинг бош инженери Ўрмўш Ўсмўнўв kloop.kg га берган интервьсида.
Шунингдек бош инженер маҳсус сув ҳисоблагичлар ўрнатилишлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди, у ҳам бўлса шаҳарнинг биргина кичик мавзейига эканлигини таъкидлади.
“Мана шу маблағ ҳисобидан шаҳримизнинг биргина Қурвонжон Дотҳо кичик мавзейига тўлиқ сув ҳисоблагичлар ўрнатилади. Бунда истеъмолчилар сувни аввал 100 фоиз истеъмол қилган бўлса, сув ҳисоблагичлар ўрнатилагандан сўнг 50 фоиз билан етиши мумкин. Бу иш келаси йилларга амалга ошади” – дейди бош инженер Ўрмўш Ўсмўнўв.
Амир Темур шаҳарчаси яшовчиси Маҳлиё Ибайдуллаева ичимлик сувинининг босими озлиги ва фақат белгиланган вақтлардагина берилаётганлигини айтади.
“Бизда сув бир кунда икки соат берилади. Эрталаб соат 9:00 дан 11:00 гача. Баъзи бир баландроқ жойларда икки кунда бир келади. Босим жуда паст. Бу холат яқиндан бери бўлиб қолди. Авваллари эрталабдан кундузги соат 14:00 гача берилар эди” - дейди Маҳлиё Ибайдуллаева kloop.kg билан суҳбатда.
Турон шаҳарчаси яшовчиси Неъматов Фахриддин эса, сув муаммоси асосан уй қураётган пайтда сезилишини айтади.
“Эрталаб сув бўлмаяпти. Бўлса ҳам маълум бир вақт ичида кечки соат еттиларда. Шунинг учун сув бўйича бироз муаммо бўлаяпти. Сув йўқлигида иложи борича маҳсус бокларга тўлдириб олаяпмиз, баъзан қўшниларимизнинг тўлдирилган ҳовузларидан олиб турибмиз. Асосан сувни оқват пиширишда, баъзан кўчатларга, кўчатларга фойдалансак, ичгани етмаяпти. Асосан сув етишсизлик пайт қурилиш мобайнида”
Ўрмўш Ўсмўнўв, хозирги ёз ойларида аҳоли томонидан ичимлик суви билан боғлиқ норозиликлари асоссиз ва бу муаммо оддий холатлигини айтиб ўтди.
“Бу ерда “Ўш шаҳар водоканалини” айблаб бўлмайди. Июн, июл, август ойларида биргина Ўшда эмас, балки бутун дунёда шундай, босим паст бўлади, сув етишмайди. Қиш ойларида суғориш ишлари бўлмайди. Халқ ёз ойларида нафақат сувни ичишади, балки тозалик ва покланиш ишларида ҳам фойдаланишади. Ҳаммага маълум “Амир Темур”, Турон” шаҳарчаларида боғ - дарахтларни суғориш учун сув йўқ. Берилаётган сувлар ҳаммаси бизнинг сув ”Ўш шаҳар водоканалининг” суви. Ҳалқ ҳеч қачон сув бермаяпти деб биздан норози бўлиш керак эмас. Биз ҳаммамиз ишлаяпмиз.” - деди Ўрмўш Ўсмўнўв kloop.kg билан бўлган суҳбатда.
Баъзи бир мавзейларда сувнинг босимининг пастлигини Ўрмўш Ўсмўнўв қуйидагича тушунтиради.
“Албатта сув етарли даражада бўлмагандан кейин сувга босим қаерда бўлсин. Мана куз, қиш, баҳор келади, у вақтларда сув етарли. Демак улар ёз фаслида ўз дарахтларни суғоришлик билан машғул бўлишади. Ундай жойларга етарли сув етказиш учун оқар сув олиб бориш керак”.
Шунингдек Ўрмўш Ўсмўнўв мана шундай ҳолатларда “Ўш шаҳар водоканал” маҳсус жадвалга [графикга] ўтишга мажбур эканлигини, бу эса ўз навбатида самара беришини айтади.
“Мана шундай сув танқислигида биз ҳам маҳсус сув бериш графигига ўтишга мажбурмиз. Чунки пастликда жойлашган аҳоли суғорганда сувни тўхтатиб, баландликда жойлашган аҳолига етказиб беришга ҳаракат қилаяпмиз, сувни” - дейди Ўрмўш Ўсмўнўв.
Шу билан бир қаторда Ўрмўш Ўсмўнўв юқоридаги муммолар бўйича “Ўш шаҳар водоканал”нинг асосий камчилигига эътибор қаратади.
“Электр энергияга, табиий газга ҳисоб юргизишлар бор, бизда эса йўқ. Шунинг учун ҳалқ сувни тежамасдан оқизиб қўйишади. Менимча бу муаммо қачон маҳсус ҳисоблагичлар қўйилади, шундагина ҳал бўлади. Маҳсус ҳисоблагичларга келадиган бўлсак жуда катта маблағни талаб қилади. Бу масала бўйича бизнинг тўлиқ имконимиз йўқ, ҳалқнинг ҳам бунга шароити қониқарли эмас” деди Ўрмўш Ўсмўнўв kloop.kg билан бўлган суҳбатда.
Халқнинг ичимлик сувига бўлган қарзи ҳам йўқ эмас.
“Ҳозирги кунда халқимизнинг ичимлик сувга бўлган қарзлари 20 млн дан ошди. Бу эса шаҳримизнинг ҳар бир истеъмолчисига ўртача ҳисобда 200 сўмдан тўғри келади” - дея қўшимчалади Ўрмўш Ўсмўнўв.
Сўз якунида Ўрмўш Ўсмўнўв шаҳар аҳолисига мурожаат қилар экан, аҳолини сувни тежаб ишлатишликка чақирди.
“Сувни халқимиз тежашлари керак. Чунки биз сув билан таъминлаш мобайнида электр энергия, турли кимёвий моддалардан фойдаланамиз. Шунинг учун бу об-ҳаётни фақат ичишликка фойдаланишлари лозим” - деди Ўрмўш Ўсмўнўв.
Мақола муаллифи: Рахматилло Байбабаев