Бишкек антимонополия бошқармаси бошчиси Кенешбай Тайлаковнинг айтишича, 2010 йилнинг октябр ойидан бошлаб гўшт маҳсулотларига бўлган нархларнинг ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Бишкек гўшт саноати корхонаси бошчиси муовини Андрей петровнинг фикрича, нархларнинг ошиши катта шохли моллар емининг қимматлаши билан боғлиқ.
Kloop.kg билан суҳбатда Тайлаков нархларнинг юқорилашига сабаб бўлаётган уч фактор борлигини айтди.
«Биринчи фактор — айни кунлар мавсум вақтига тўғри келмоқда. Иккинчи фактор, ўзингиз ҳам билгандай, маҳаллий гўшт маҳсулотлари ноқонуний йўллар билан экспорт қилинмоқда. Бозор иқтисодида таклифнинг озлиги талабнинг кучайишига олиб келади, бу эса нархларнинг ошиши сабабидир — бу учинчи фактор», —деди шаҳар муассаси бошчиси.
Антимонополия бошқармасининг расмий саҳифасидан олинган маълумотлар кўра, 2010 йилнинг сентябр ойида бир кило қўй гўштининг нархи 186,8 сомни, мол гўшти эса 189,5 сомни ташкил қилган.
Декабр ойига келиб қўй гўшти 40,7 сомга юқорилаб, бир кило қўй гўшти 227,3 сомга етган. Мол гўшти эса қўй гўштига нисбатан 6,7 сомга қимматлаб, декабр ойида 236,6 сомдан сотила бошлаган.
Охирги олинган маълумотларга кўра, 6 июл куни гўштнинг максимал баҳоси қайд қилиниб, бир кило мол гўшти 278,3 сомга, қўй гўшти эса 279 сомга етган.
Тайлаковнинг сўзларига кўра, антимонополия бошқарув давлат агентлиги ҳукуматга гўшт маҳсулотлари нархларини кўтарилиши олдини олиш учун бир қанча чораларга эътибор қаратиш кераклигини таклиф қилган.
«Биз ҳукуматга вақтинчалик гўшт маҳсулотлари экспортига таъқиқ қўйишни ва ҳайвонларни ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб кетилишини олдини олиш бўйича чоралар кўришни таклиф қилдик», —деди шаҳар антимонополия бошқармаси раҳбари.
Шаҳар гўшт саноати корхонаси бошчиси муовини Андрей Петров Kloop.kgга берган интервьюда маҳаллий гўшт маҳсулотлари нархи халқаро нархларга узвий боғлиқлигини айтди.
«Гўштнинг қимматлашига сабаб, ем-ҳашакнинг қимматлигига боғлиқ. Ўз вақтида давлат сиёсати нотўғри олиб борилган. Гўшт доим хориждан олиб келингани сабаб, маҳаллий гўшт етиштирувчилар касодга учрашган. Хорижда гўштнинг нархи ошгани сабаб, бизда ҳам гўшт қимматлаб кетди, чунки биз хориж бозорига боғланиб қолганмиз», —деди Петров.
Унинг фикрига кўра, нархлар ошишининг мамлакат иқтисоди учун ижобий тарафлари ҳам бор.
«Доим қишлоқдагиларни ҳафа қилишиб, уларга на гўштни ва на картошкани яхши нархларда сотишга имконият беришмаган. Энди улар яхши пул ишлаш имкониятига эга», —дея ҳисоблайди Петров.
Вазирлик ўрни
Қишлоқ хўжалиги вазири Торогул Беков Kloop.kgга берган интервьюда Петров фикрига қўшилишини айтиб, нархларнинг юқорилаши қишлоқ хўжалигига фойда келтиришини айтди.
«Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархларини ошиши фойда ёки зарарни билдирмайди. Ҳар нарсанинг фойда ва зиёнлари бўлади», —деди Беков.
Вазир сўзларига кўра, нархларнинг ошиши биринчи навбатда истеъмолчилар «чўнтакларига зарба» беришини айтди.
«Бир тарафдан, агар нархлар паст бўлса, деҳқон қилган меҳнатига яраша даромад ололмайди. Бошқа тарафдан эса, деҳқон учун қулай бўлган нарх шаҳарликлар чўнтагига оз моз таъсирини кўрсатади», —деди вазир.
«Нархлар кўтарилишда давом этади»
Бишкекнинг Ўш бозорида гўшт сотувчи Бексултан Абазов фикрига кўра, гўштнинг қимматлаши ўз салбий таъсирларини кўрсатмоқда.
«Гўштнинг нархи кўтарилгани ёмон. Ҳар ой нархлар ўзгаряпти. Бизга гўшт олиб келиб берадиган доимий таъминловчимиз бор. Фикримча, гўшт нархи янада ошса керак», —деди Абазов.
Яна бир гўшт тожири Қизилгул Нурмамбетова бозордаги нарх бошқа жойлардан кўра арзонроқ эканини айтди.
«Агар ёз бўйи гўшт нархи кўтарилаверса, қишда албатта янада қимматроқ бўлади. Бу йил гўшт нархи жуда қимматлаб кетди, авваллари 10 15 сом қўйиб сотишса, энди 100 сомгача қўйишяпти», —деди Нурмамбетова.