Ўшда аёллар “Тинчлик нони” улашдилар

1165

Ўш шаҳрининг Тўқтағул боғида бир гуруҳ аёллар “Тинчлик нони” деб аталган тадбир ўтказдилар. БМТ ҳамда шаҳар мэрияси ҳамкорлигида ўтган бу тадбирда миллий либослар кийган аёллар кулча нонлар ясаб, тадбир иштирокчиларига улашдилар.

9 июнь куни ўзларининг миллий либосларини кийган бир гуруҳ аёллар шаҳар боғида жамландилар. Шаҳарнинг олти районидан йиғилган бу аёлар, ўтган йили бўлиб ўтган қонли воқеалар қурбонларини хотирлаб, кулча нонлар ясадилар ва уларни тадбир иштирокчиларига улашдилар.

Тадбир «Нон — тинчлик ва осойишталик, тараққиёт ҳамда эзгулик тимсолидир» шиори остида бўлиб ўтди.

Тадбир 2010 йил Жалол Обод шаҳрида бўлиб ўтган форумда ташкил топган «Тинчликпарвар аёллар» вилоят кенгаши ташаббуси остида бўлиб ўтди.

Кенгаш координатори Жамила Қапарованинг сўзларига кўра, «тинчлик нони» тадбири Ўш, Жалол Обод ва Боткенда бўлиб ўтди.

«Аёллар ўзлари хамир қордилар, ўзлари кулчаларни ясадилар ва уларни пишириб бошқаларга улашдилар. Қуръон тиловат қилиб, ёрқин келажакни тилаб дуолар қилдилар», — деб айтди Қапарова kloop.kg га берган интервьюсида.

Тинчлик рамзи

Тадбирда Ўш шаҳар вице мэри Абдрахман Жолдошалиев ҳам иштирок этди. Унинг сўзларига кўра, тадбир инсонларни бирликка ва тинчликка чақиради.

«Нон доимо тинчлик рамзи бўлиб келган. Биз ҳаммамиз бир давлат фуқароларимиз, биз бирликда бўлишимиз, бир дастурхон атрофида ўтириб бир биримизга нон улашмоғимиз керак», — деди вице мэр.

Тадбирни уюштиришда иштирок этган «Қирғизистонда аёллар потенциалини кучайтириш» лойихаси координатори Химия Суеркулова сўзларига кўра, ёғда пиширилган нон — «кечириш тимсолидир».

«Ноннинг миллати йўқ, биз бу ерда турли миллатларнинг аёллари бир иш — у ҳам бўлса нон пишираётганинин кўриб турибмиз. «Май-токоч», яъни ёғда пиширилган нон доимо кечириш тимсоли ёки инсонлар бирон бир ёмонлик кетиши учун тайёрланувчи таом бўлиб келган», — деди Суеркулова.

Тадбир давомида аёллар ўтган кетганларга тинчлик нонидан улашдилар, улар эса ўз ўрнида қонли воқеаларда қурбон бўлганлар учун Қуръон тиловати қилдилар.

Нонни тайёрлаш учун етти қоп ун кетди. Химия Суеркулованинг сўзларига кўра, етти рақами хосиятли рақам.

«Етти рақами билан кўп умидлар боғланган», — деди Суеркулова.

«Бирлик ва ҳамжиҳатлик»

«Ирет» ижтимоий фондининг вакили Тўтия Исакова фикрича, бу каби тадбирлар нафақат жануб, балки бутун Қирғизистон аҳолиси ўртасидаги алоқаларни тиклашда ёрдам беради.

Татар диаспораси вакили Залфия Темирбулатова сўзларига кўра, у тадбирга таклиф қилган инсонларнинг баъзилари “қўрққанлари” туфайли келишмаган.

«Балки уларда қандайдир қўрқув ёки ишончсизлик борлиги учун келишмагандир. Айтишларича, улар ўзлари “худойи” ўтказаётган эмиш, шунинг учун бугун келишмади», — деди Темирбкулатова.

Тадбир иштирокчиси Хосиятхон Ортиқова жамотчиликни бирдамликка чақирди.

«Биз шу ерда яшаётганимиздан кейин биз бир бўлишимиз ва учинчи кучларга биргалашиб қарши туришимиз керак. Қирғизистон бизнинг она ватанимиз», — дейди Хосият опа.

Сонунбу Исмаилова тадбирга «нафақат оналар, балки оталар ва ёшларнинг ҳам юрагини йиғлатган бу каби қонли воқеалар» қайта такрорланмасли учун Олойдан келганини айтади.

«Мен тинчлик, осойишталик ва бирлик учун келдим. Агар уйингда нонинг бўлса, тинчлик ҳам бўлади деганларидай, бугун ноннинг борлиги халқларимиз бирлиги ва ҳамжиҳатлигини кўрсатади», — дейди Сонунбу.