Сапар Исаковга коррупция бўйича айб қўйилди

134
Собиқ премьер-министр Сапар Исаков. Сурат: Ҳукуматнинг матбуот хизмати

Миллий хавфсизлик бўйича давлат комитети (МХДК) собиқ премьер-министр Сапар Исаковга Бишкек Иссиқлик электр марказини (ИЭМ) янгилашдаги коррупция фактининг асосида очилган жиноий иш бўйича айб қўйди. Исаков ҳеч қаёққа кетмаслик ҳақида тилхат ёзиб берган.

Исаковга нисбатан айб қўйилгани ҳақида 29-май куни кечки вақт маълум бўлди — МХДК бу борада ОАВ учун пресс-релизида билдирган.

Унда асосан 2013-йили Исаков президент аппаратининг ташқи сиёсат бўлимига раҳбарлик қилаётган вақтда, Бишкек ИЭМни янгилаш учун пудратчини танлашда «чет эл компаниясининг манфаатларини илгари сурган» деб айтилади.

Бундан ташқари, МХДКнинг маълумотида Исаков бу нарсани «гуруҳ билан» қилгани айтилади, аммо бу гуруҳга кимлар киргани айтилмаган.

Махсус хизмат Исаковнинг ҳаракатлари давлатга «йирик миқдорда» зиён келтирган деб ҳисоблайди.

Исаковнинг ўзи қўзғалган жиноий ишни «ҳаддан ошиш» деб атади.

«Менга айб қўйиш бўйича қарорни ростини айтсам тўлиқ ўқиб чиқмадим. Мен булардан шокдаман. Аввалига ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида Сапар Исаковнинг номини топташди. Шундан сўнг муҳит яратиб, жиноятчи сифатида кўрсатишни исташмоқда.

Гумондорга айланган собиқ ҳукумат бошчи

Исаков 2017-йилнинг августидан бошлаб 2018-йилнинг апрелига қадар премьер-министрлик хизматини эгаллаган— бу юқори хизматга у Алмазбек Атамбаев президент бўлиб турганда келган.

Исаков ҳукумат раҳбарлиги вақтида Атамбаевнинг президентлик муддати охирига етиб, ўтган йилнинг октябрь ойида Сооронбай Жээнбеков ўлка бошчилигига сайланган.

Янги йилнинг январида Жээнбеков коррупция билан курашишни кучайтириши тўғрисида билдирган, шу ойдан бошлаб унинг собиқ президент Атамбаев ва унинг ҳукуматдаги одамлари, жумладан, Исаков билан фикр келишмовчиликлари пайдо бўла бошлаган.

Исаковнинг атрофидаги вазият январь ойида Бишкек ИЭМда бўлган авариядан сўнг ырбап кетган. Чунки Иссиқлик марказида Хитойнинг 386 млн доллар миқдоридаги кредитига таъмирланганига қарамасдан қишнинг совуқ кунлари авария бўлиб, бишкекликлар бир ҳафтага яқин иссиқликсиз қолган.

Апрелда парламент Исаковнинг ҳукуматини ишончсизлик вотуми орқали истеъфога чиқарган — бу Қирғизистон тарихидаги ҳукуматни бундай йўл билан кетгизган илк ҳолат.

Тергов

Шундан бери МХДК Исаковни ИЭМни иши бўйича уч марта сўроққа чақирган, аммо бугунги кунга қадар гувоҳ сифатида чақириб келган.

Исаков ўзини «тоза» эканини билдирган. МХДКга биринчи марта сўроққа чақирилгандан сўнг уни қўлга олишга ҳукуматда ҳеч қандай асос йўқлигини айтган.

Депутат комиссия 2018-йили майда ИЭМни янгилаш учун ускуналарнинг қиймати ортирилган, шунингдек Хитой томон сарфланган 386 млн доллар ҳақида батафсил ҳисобот бермаган деган хулоса чиқарган. Ҳужжатда шартномага қўл қўйишда Қирғизистоннинг манфаатлари ёдга олинмаган деб айтилади.

Депутатлар Бош прокуратура шартномага қўл қўйишга қатнашган шахсларга ҳуқуқий баҳо беришни, ундан ташқари кредитнинг мақсадли фойдаланишини текширишни қарор қилган.