Маориф министрлиги: «Авто мактабларнинг 40 фоиздан ортиғи қоида бузарликлар билан ишлайди»

514

Маориф министрлиги ўлка бўйича 99 авто мактабларда қоида бузарликларни аниқлади. Қирғизистонда умумий 223 авто мактаб рўйхатдан ўтказилган. Текширувлар йўллардаги хавфсизликни таъминлаш учун Сапар Исаковнинг буйруғи билан олиб борилмоқда.

Маориф министрлигининг лицензиялаштириш ва аккредитация қилиш бўйича бошқармаси раҳбари вазифасини бажарувчи Нурбек Казиев билдиришича, Қирғизистоннинг 99 авто мактабига қоида бузишлар учун огоҳлантиришлар берилди. Ўлкада умумий 223 авто мактаб фаолият олиб боради.

Казиевнинг айтишича, авто мактаблар биноларни, автодромларни ижарага олиш шартномаларини муддатини ўтказиб юборишган, шунингдек ўқитиш жараёнларининг қоидаларини бузиб, дарсларнинг жадвалларини ишлаб чиқишмаган.

Авто мактабларга қоида бузишларни бартараф қилишга уч ой вақт берилди, акс ҳолда уларнинг лицензиялари тўхтатилади. Шундан сўнг мактабларнинг эгалари суддан ишларини давом эттириш учун рухсат олишлари керак бўлади.

Казиевнинг айтишича, 45 мактабга аввалги текширувларнинг давомида аниқланган қоида бузишларни бартараф қилишмагани сабабли 5000 сом жарима солинган.

Авто мактаблар ва ҳайловчилар ассоциациясининг вице-президенти Жилдиз Мурзабекова 21-ноябрда билдиришича, йўл ҳалокатларининг сони ортишига авто мактабларни айблаш ақлга сиғмаган нарса.

«Ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиш учун давлат, назорат органларининг ходимлари ёки авто мактабларни жавобгарликка торта олишмайди. [...] Биринчи навбатда ҳайдовчиларнинг ўзлари айбдор», — деди у.

Аввалроқ премьер-министр Сапар Исаков ҳукумат ўлка йўлларидаги кўплаган йўл ҳалокатлари учун авто мактабларнинг лицензия талабларини кучайтиришини билдирган.

Йўллардаги хавфсизлик

Бир неча марта ваҳимали йўл ҳалокатларидан сўнг йўллардаги хавфсизлик бўйича масалалар бир неча марта юқори даражада кўтарилган.

Энг шов-шувли йўл ҳалокатларининг бири бўлиб, 7-октябрда Талас вилоятига кетаётган вице-премьер-министр Темир Жумакадировнинг ўлими бўлган. Жумакадировнинг машинаси билан КаМАЗнинг тўқнашуви натижасида вице-премьер-министр ўзи, унинг ҳайдовчиси ва ёрдамчиси ҳалок бўлишган.

Йўллардаги хавфсизликни таъминлашни премьер-министр Сапар Исаков, парламент депутатлари, президент Алмазбек Атамбаев ҳам талаб қилишган.

Ҳукумат 2011-йилдан бери Бишкек йўлларига «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси бўйича қоида бузишларни аниқлаган камераларни ўрнатишни ваъда қилиб келади. Бироқ шундан бери Бишкекнинг кириш қисмидаги чорраҳаларга бир неча камералар қўйилган.

Премьер-министр Исаков 20-ноябрда билдиришича, Қирғизистон йўлларидаги камералар 2018-йилнинг баҳорида пайдо бўлади.

Муаллиф: Айдай Эркебаева