Маҳаллий ҳукумат ҳақида қонун президентнинг ҳуқуқларини қандай кенгайтиради?

399
Садир Жапаров Баткен вилоятида. Сурат: Президентнинг Баткен вилоятидаги мухтор вакиллиги

Жогорку Кенеш депутатлари «Маҳаллий давлат маъмурияти ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари ҳақидаги» қонун лойиҳасини уч ўқишда маъқуллаб беришди. Қонун лойиҳасини президент Садир Жапаров таклиф қилганини ҳисобга олганда, у яқин орада кучга киради десак бўлади.

Олдин бу қонун икки лойиҳадан — «Маҳаллий давлат маъмурияти ҳақидаги» ва «Маҳаллий ўз-ўзини бошқариш ҳақидаги» қонун лойиҳаларидан иборат бўлган. парламент қўмитаси икки қонун лойиҳасини бирлаштиришга қарор қилган. Асосан мазкур қонун лойиҳаси президентнинг ваколатларини кенгайтиради.

«Монстр-ҳоким», «маъмурий вертикални кучайтириш»

Мазкур қонундаги ўзгаришларга кўра, энди шаҳар мэрларини ва қишлоқ ҳукумати бошчиларини маҳаллий кенгашнинг депутатлари сайламайди. Туман миқёсидаги шаҳарнинг раҳбари танлов орқали танланиб, уни ҳоким тайинлайди. Бундан ташқари, ҳокимлар қишлоқ ҳукумати бошчиларини ҳам тайинлашга ҳақли бўлиб қолишади.

Вилоят ва республика аҳамиятидаги шаҳарларнинг мэрларини тайинлаш президентнинг ваколатларига кирди. Шунингдек, президент туман ҳокимларини ҳам тайинлайди.

Парламентарий Айнура Аскарова қонундаги ўзгаришларга маҳаллий кенгашнинг депутатлари норози бўлишганини билдирди. Аскарованинг айтишича, қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётганда «кўплаган қишлоқ кенгашининг депутатлари унга мурожаат қилишган.

«“Бу ерда қишлоқ кенгашларининг ҳуқуқлари умуман йўқ бўлмоқда. Халқ ҳукумати бекор қилиниб, бир қўлга йиғилаётгандай хавф бор. Бу бирор бир можаро, кўтарилишларга йўл очмайдими деган хавотир бор. Бизнинг талабимизни етказиб қўйинглар” деб сўрашди [депутатлар] менга телефон қилиб», — деди Аскарова.

Депутат Шайлообек Атазов ҳокимларга тайинлаш ҳуқуқларини бериш «коррупцияга олиб келади» деган фикрда. Атазов қишлоқ кенгашининг депутатларига қишлоқ ҳукумати раҳбарини сайлаш имконини қолдириш керак деб билдирди.

«[Қишлоқ кенгашининг депутатлари] бир марта сайлансин, сайлай олмаса ҳоким тайинласин. [...] Орамизда ўтирган “сулуу-чимчиқ” депутатлар укаларини ҳам қишлоқ ҳукумати раҳбари қиламиз деб айримлари квартира берибди, беш минг доллардан беришибди. [Қишлоқ кенгашининг депутатларига] бир марта бўлса ҳам имкон бериш керак. Ҳокимни “монстр” қилиб кўрсатмасдан», — деди Атазов.

Шунингдек, Атазов Бишкек ва Ўш шаҳарларининг мэрларини президент тайинлайдиган қилиб қолдириб, бироқ бошқа шаҳарларга раҳбарларни маҳаллий кенгашнинг депутатлари сайлаши керак деган фикрни айтди.

Қишлоқ, сув хўжалиги ва ҳудудларни ривожлантириш вазирлигининг ўринбосари Нурлан Шерипов депутатга жавоб бериб, маҳаллий кенгашнинг депутатларини сайлашда «коррупция элементлари кўп бўлаётганини» таъкидлади. Шериповнинг айтишича, бу ўзгаришлар «коррупция ва трайбалистик кўринишларни бекор қилишга ва маъмурий вертикални кучайтириш мақсадида» киритилаётганини таъкидлади.

Туман кенгашларини тузиш

«Маҳаллий давлат маъмурияти ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари ҳақидаги» қонун лойиҳасида ҳокимларнинг ваколатларини кенгайтиришдан ташқари туман кенгашларини ва туман бюджетини тузиш қаралган. Депутат Аали Карашев «майда масалаларни жойида ҳал қилиш учун» ҳокимларга бюджет бериш кераклигини билдирди.

«Агар [туманнинг] ўзида бюджет бўлса ҳокимга жойида масалани ҳал қилишга йўл очилади. Шунингдек, бюджетни назорат қилиш, ҳисобот олиш, ижтимоий ривожлантириш бўйича иқтисодий дастурларини қараши керак. Шу сабаб туман кенгашини қайта тузиш таклиф қилинди. Бироқ уни тузишда сайлов ўтказилмайди. Бу кенгаш қишлоқ кенгаш депутатларидан тузилади», — деб тушунтирди Карашев.

Карашев туман кенгашининг таркиби ҳудуд аҳолисининг сонига қараб тузилади деб қўшимча қилди. Масалан, 100 мингга яқин аҳолиси бор туманда 20-30, аҳолининг сони 200 мингдан ортиқ бўлган туманларда 45-60 депутат бўлади.

Конституциядаги инсон ҳуқуқини чеклаш

Янги қабул қилинган қонунга кўра, маҳаллий турғун туғилган ерида ҳоким, мэр ёки қишлоқ ҳукумати раҳбари бўла олмайди. Буни депутат Дастан Жумабеков кескин танқид қилиб, бу меъёр Конституцияда қаралган инсон ҳуқуқини чеклаш деб атади.

«Ротация қилинглар, қонуний йўл билан алмаштиринглар, бироқ бундай инсон ҳуқуқини чекламанглар. Шу туманнинг ўғлони бўлиб, ўсиб, туғилганига у айбдор бўладими? Ёки бошқа туманга рўйхатга туриб, ўзининг туманига ҳоким бўлиши керакми? Инсон ҳуқуқини чеклашга ҳеч кимни ҳаққи йўқ», — деди Жумабеков.

Жумабековга қишлоқ, сув хўжалиги ва ҳудудларни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Нурлан Шерипов жавоб бериб, қонунда давлат ва муниципал ходимларга нисбатан айрим чекловлар киритишга қонун йўл беради деб билдирди.

Ҳокимларга дахлсизлик бериш таклифи

«Маҳаллий давлат маъмурияти ҳақидаги» қонун лойиҳасининг биринчи варианти Жогорку Кенешга июль ойида таклиф қилинган. Унда кўрсатилган меъёрлардан ташқари туман ҳокимларига «дахлсизлик бериш» ҳам қаралган.

Бошқача айтганда, туман ҳокимлари жиноятга қўл ураётганда воқеа жойида қўлга олинмаса, президентнинг розилиги билан жавобгарликка тортиш таклиф қилинган. Бу ташаббус депутатлар томонидан кескин танқид қилиниб, қонун лойиҳаси қайта ишлашга юборилган.

Бироқ кейинги йиғинда қонун лойиҳасига таклиф қилинган ўзгаришлар кирмаганига қарамай, Жогорку Кенеш уни биринчи ўқишда маъқуллади. Бироқ иккинчи ва учинчи ўқишда ҳокимларга «дахлсизлик бериш» таклифи бекор қилинган.